Ота-она ҳамкор, назоратчи бўлса, таълимда сифат ҳам, самарадорлик ҳам ошади

Ота-оналар, маҳалла фаоллари, нуронийлар, диний идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари иштирок этган тадбирларда ўқувчиларга таълим-тарбия беришда сифат ва самарадорликка эришиш, бу йўлдаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари, жамоатчилик назоратини ўрнатиш масалалари ҳақида сўз юритилди.
800 нафардан зиёд ота-она йиғилган Жомбой туманидаги 7-умумтаълим  мактабидаги тадбирда Президентимизнинг парламентга қилган Мурожаатномасида ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук, илм ва маърифатли қилиб вояга етказишга доир муҳим ташаббуслар, ота-оналар, маҳалла фаолларининг таълим муассасаси билан ҳамкорликда фарзанд тарбиясига масъулиятли ёндашиши, уларнинг бўш вақтларини тўғри ташкил этиш, уй вазифаларини бажаришда назоратни кучайтириш, давоматни яхшилашда жавобгарликни ҳис этиш, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда кўмаклашиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирларда мактаб директорлари жамоатчилик олдида ўқув йилининг биринчи ярми давомида қилинган ишлар, истиқболдаги режалар хусусида ҳисобот берар экан, мавжуд муаммоларга ҳам тўхталди.
ошланиши 1-саҳифада).


– Бир ярим мингдан зиёд ўқувчи таҳсил олаётган муассасамизда ўқиш икки сменада ташкил этилганига қарамасдан, фанлар бўйича тўлақонли билим бериш мақсадида ўқувчиларни гуруҳларга бўлиб ўқитиш, қўшимча дарслар ўтиш учун синфларимиз етишмайди, – дейди Пайариқ туманидаги 79-умумтаълим мактаби директори А.Жўраев. – Янги йилнинг илк ойидан бошлаб, ҳар бир фан бўйича дарсдан ташқари бепул тўгараклар фаолиятини йўлга қўйдик. Аммо бу тўгаракларга ўқувчиларнинг қатновини таъминлашда ота-оналар сусткашликка йўл қўяётир. Биламизки, мутолаа ўқувчининг фикрлаш доираси, нутқи, дунёқараши ҳамда саводхонлиги ривожланишида жуда муҳим. Шу ўринда бир савол, ким фарзандининг охирги марта қандай бадиий китоб ёки матбуот нашрини ўқигани ҳақида изоҳ бера олади? Ёки фарзандингизга қандай уй вазифа берилганини, баҳоларини, кундалик дафтарини назорат қилдингизми? Бугун аксарият ота-оналар фарзандларимизнинг келгуси ҳаётини белгиловчи ушбу омилларга эътиборсизлик билан ёндашаётгани ачинарли.


Паст Дарғом туманидаги 28-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатида муассаса раҳбари М.Абдиеванинг аълочи ўқувчиларни, фаол педагогларни рағбатлантириш, уларни ижтимоий ҳимоялаш, муассасанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, синфларни ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш, чет тилларни ўқитиш тизимини янада ривожлантириш, мамлакатимизда ташкил этилган Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибрат, Эркин Юсупов, Муҳаммад Юсуф номидаги мактаб-интернатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга доир таклифлари тингланди.
Тақдимот тадбирларида кузатувимизча, давлатимиз раҳбарининг "Биз юртимизда янги давлат, янги жамият қуриш йўлида қандай иш қилсак,  уларнинг барчасини халқимиз билан бамаслаҳат қиламиз" мазмунидаги талабига бир томонлама ёндашилди, десак муболаға бўлмайди. Яна мулоҳаза билдирган, таклиф берувчи – мактаб раҳбари, қайсидир жонкуяр педагог ёки маҳалла фаоли. Тадбирларда иштирок этган оналар, ҳар доимгидай саноқлигина оталар ҳамон жим. Мактаб ва ота-оналарнинг таълим ва тарбиявий мақсадлардаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган, фарзандлар, жамият келажаги учун муҳим ҳисобланган бундай йиғилишларда ҳамма фаол бўлиши, таклиф ва мулоҳазалар билдириши таълимда ижобий самара беради, жамият ривожига хизмат қилади.