Оталикни белгилаш ва алимент ундириш тартибидан хабардормисиз?

Ҳозирги кунда қонуний никоҳдан ўтмасдан эр-хотин бўлиб яшаб келаётганлар ҳам учрайди. Бундай вазиятларда ушбу никоҳдан туғилган болаларга айрим оталар исм-шарифини бермасдан келаётгани ҳам бор гап.

Аммо мазкур ҳолатда қонунчилигимизда аёллар ва болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинган.

 

Аслида қонуний никоҳда бўлмаган ота-онадан туғилган болага оталикни белгилаш учун фақат суд ёрдам беради. Бунинг учун фуқаролик ишлари бўйича судга оталикни белгилаш тўғрисидаги даъво аризаси билан мурожаат қилиши керак. Бундай даъволар даъвогар яшайдиган жойдаги судга ҳам берилиши мумкин.

Мисол учун, даъвогар Н. исмли аёл фуқаролик судига оталикни белгилаш тўғрисида жавобгар А. исмли шахсга нисбатан даъво билан мурожаат қилди. Маълум қилинишича, даъвогар жавобгар билан бир ярим йил аввал танишган ва шу давр ичида улар бирга яшаган. Бироқ аёлнинг фарзанд кутаётганлигини билгач, жавобгар бутунлай ўзини олиб қоча бошлаган.

Жавобгар судга ўзининг ота бўлганлигидан шубҳаланаётганлигини тушунтириб, суддан ДНК экспертизасини тайинлашни илтимос қилди.

Оила кодексининг 62-моддасига мувофиқ қонуний никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда икки томоннинг биргаликдаги аризаси билан оталик белгиланади. Аммо отанинг аризаси бўлмаса 61-моддада кўрсатилган ҳолларда суд тартибида оталик белгиланиши мумкин.

Оталикни белгилаётганда суд қуйидаги шартларни эътиборга олади:

Биринчидан, боланинг онаси бола туғилишига қадар жавобгар билан бирга яшаганлиги ва умумий рўзғор юритганлиги, улар болани биргаликда тарбиялаганликлари ёхуд таъминлаб турганликлари.

Жавобгарнинг боланинг онаси билан биргаликда яшаганлиги ва умумий рўзғор юритганлиги оилавий муносабатларга хос бўлган ҳолатлар (ҳомила пайдо бўлган вақтда ва бола туғилгунга қадар битта турар жойда яшаш, умумий бюджет юритиш, биргаликда овқатланиш, ўзаро ғамхўрлик, умумий фойдаланиш учун мол-мулк сотиб олиш ва ҳоказолар) мавжудлиги билан тасдиқланади. Бола туғилгунга қадар тарафлар ўртасида бундай муносабатларнинг тугатилиши, оталикни белгилаш тўғрисидаги даъвони рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилмайди.

Олий суд Пленумининг "Судлар томонидан оталикни белгилашга оид ишларни кўришда қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида" қарорига кўра, зарур ҳолларда боланинг келиб чиқишини (масалан, ҳомила пайдо бўлиш вақтини, уруғлантириш қобилияти бор-йўқлигини) аниқлаш мақсадида суд юқорида назарда тутилган шартлар мавжуд бўлганда, ўз ташаббуси ёки тарафларнинг илтимосномаси бўйича иш юзасидан суд-тиббий экспертизаси одам ДНКсининг суд-биологик экспертизасини тайинлаши мумкин. Экспертиза хулосалари исботлаш воситаларидан бири ҳисобланади ва шу сабабли улар суд томонидан иш бўйича тўпланган бошқа далиллар мажмуи бўйича баҳоланиши лозим.

Ушбу фуқаролик иши бўйича ўтказилган одам ДНКсининг суд биологик экспертизаси хулосасига кўра, жавобгар туғилган боланинг биологик отаси бўлиб чиқди. Экспертиза натижалари олинганидан кейин жавобгар даъвони тан олди.

Ўз навбатида суд жавобгарга нисбатан оталикни белгилаш тўғрисидаги аризани қаноатлантириш, яъни даъвогарнинг вояга етмаган қизига нисбатан жавобгарнинг оталигини белгилаш, шаҳар (туман) ФҲДЁ бўлимига боланинг туғилиши тўғрисидаги далолатнома ёзувига зарур ўзгартиришлар киритиб, туғилиш тўғрисида тегишли гувоҳнома бериш ва алимент ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарди.

Юлдуз МУҲАММАДИЕВА,

фуқаролик ишлари буйича Самарқанд шаҳар суди судьяси.