Отасидан аразлаган йигит жиноятга қўл урди

Мирзабек (исмлар ўзгартирилган) анча пайтдан буён мустақил ҳаракатланишга қийналиб қолди. Бир куни эрталаб нонушта қилаётганда у уй юмушларига қарашмаётганини айтиб, ўғли Сирожни қаттиқроқ уришди.

Сирож отасининг танбеҳидан хулоса қилиш ўрнига, аразлаб кўчага чиқиб кетди. Аразлаганини билдириб қўйиш учун кун бўйи маҳалладаги бир иссиқхонада ўтирди, уйига бормади.

Муаззам кун бўйи қорасини кўрсатмаган ўғлидан хавотир олди. Кўчага чиқиб, таниш-билишлардан сўраб-суриштирди, қизи иккови излаб ўғлини тополмади.

Сирож ярим оқшомгача шу ерда ўтирди. Охири очликка чидолмай, уйига қараб юрди. Уйига яқинлашганда отасидан ҳайиқиб, фикридан қайтди. Уйга кирмай шу атрофда бироз айланиб юрди. Ярим тунда тентираб юрган йигит бир озиқ-овқат дўконининг олдига келиб қолди. Дўкон эшиклари ойнаванд бўлиб, ичкарида кўриниб турган озиқ-овқатлар иштаҳасини очиб юборди. Сирож эшик ёнига келиб, қулфни ушлаб кўрди. Кейин дўкон атрофини кўздан кечириб, бир темир бўлаги топди ва эшик қулфини бузди. Ичкарига кириб, қора целлофан пакетга кўзига яхши кўринган егуликлардан, салқин ичимликлардан жойлади. Ташқарида совқотганини эслаб, шу ердаги бир курткани олиб кийиб олди. Дўкондан чиқиб, ўртоғи Шаҳзоднинг ҳеч ким яшамайдиган, ташландик уйига борди. Егуликлардан еб қорнини тўйғазди, кейин шу ерда ётиб дам олди.

Эрталаб туриб кўчага отланган йигит, ўғирланган куртканинг чўнтагидаги 100 долларни кўриб, омади келганидан хурсанд бўлди.

Маҳалладаги савдо дўконига бориб 100 долларни сўмга айирбошлаб, ташқарига чиққан эди уни ИИБ ходимлари ушлади.

Холислар иштирокида ундан 960.000 сўм ва ортган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳужжатлаштириб олинди. Ота-онаси дўкон эгасига етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплаб берди.

Судда айбига иқрор бўлган Сирож кун бўйи овқатланмагани учун дўкондан ўғирлик қилганини, қилмишидан пушаймонлигини, ёшини ҳамда муқаддам судланмаганини инобатга олиб қонуний енгиллик берилишини сўради.

Суд ҳукми билан Сирожга 1.115.000 сўм жарима жазоси тайинланди.

“Бургага аччиқ қилиб, кўрпани куйдирма”, деган гап бор. Сирож ҳам ота-онасига аччиқ қилиб, аразлаши яхшилик олиб келмади. Маҳалла-кўй олдида, синфдошлари орасида юзи шувут бўлди.

Илҳом ҲАМИДОВ,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди судьяси.