Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўтган йил 214 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди. Бу йил-чи?

Ҳозирги кунда ер юзидаги аҳолининг 1,2 миллиарди тоза ичимлик сувига муҳтож, 2,3 миллиард одам санитария ҳолати талаб даражасига жавоб бермайдиган сувдан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Бошқа муаммолар инсоният тараққий этган сайин камайиб борса, афсуски сув муаммоси дунёда йил сайин кенгайиб бормоқда. 2025 йилга бориб сув танқислигидан 2 миллиард киши азият чекиши кутилмоқда. Охирги 150 йил мобайнида аҳоли жон бошига нисбатан ичимлик суви 4 мартага камайиб кетган. Соҳа келажаги, аҳолининг сув билан таъминланиш даражаси ҳар доим барча учун долзарб.

Самарқандда аҳолининг сув билан таъминланиш даражаси қандай? Вилоятдаги сув тармоқларининг қанчаси фойдаланишга яроқли, қанчаси муддатини ўтаб бўлган? Бу йилги режалар қандай? Шу каби саволларга “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ раҳбари Комил Юсупов жавоб берди.

– Бугунги кунда вилоятимиз аҳолисининг 59 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланган, – дейди К.Юсупов. – Яъни, 1100 та маҳаллада истиқомат қилаётган 3,9 миллион аҳолининг 2,3 миллиони марказлашган ичимлик сув тармоғидан истеъмол қилади. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсам, 368 маҳалла тўлиқ марказлашган ичимлик сув билан таъминланган, 555 таси қисман таъминланган ва 177 таси муқобил ичимлик сув манбаларидан фойдаланади. Лекин ҳозирда вилоятда мавжуд 5120,7 километр ичимлик суви тармоғининг 1077  километри (21  фоизи), 1899 та сув қудуқларининг 615 таси таъмирталаб ҳолатда. Шунингдек, 1689 та сув иншоотидан 542 таси, 89 та резервуардан 16 таси ҳам таъмирланиши лозим.

Албатта, бирданига бу иншоот ва тармоқларни таъмирлаш имконсиз. 2021 йилда  барча манбалар ҳисобидан 286,3 миллиард сўм маблағ эвазига 210 та маҳаллада 545,4 километр ичимлик сув ва оқова тармоқлари, 69 та иншоот реконструкция қилинди, айримлари янгидан қурилди. Баъзи лойиҳалар давом этмоқда.

Бунинг натижасида 270 минг нафар аҳолининг (57 мингта оила) ичимлик суви таъминоти яхшиланди. 214 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди. Шу тарзда тез орада аҳолини ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 59 фоиздан 62 фоизга ва оқова суви билан таъминланиш даражаси 12 фоиздан 15 фоизга таъминланишига эришилмоқда.

2022 йилда республика Инвестиция дастари ҳамда “Обод қишлоқ” дастурлари асосида асосий эътибор аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминланиши даражаси паст бўлган Оқдарё (16 фоиз), Иштихон (23 фоиз), Нуробод (24 фоиз), Жомбой (26 фоиз), Каттақўрғон (25 фоиз), Нарпай (42 фоиз), Қўшработ (45 фоиз), Паст Дарғом (57 фоиз) туманларига қаратилади. Бу эса яна 58 минг аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланишига ёрдам беради.

Халқаро молия институтлари билан ҳамкорликдаги лойиҳалар ҳам давом этади. Жумладан, Жаҳон банки томонидан йўналтирилган 34,3 миллион доллар кредит маблағи ҳисобидан “Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари оқава сув тозалаш иншоотлари ва оқава тизимлари реконструкцияси” лойиҳаси доирасида 2 та оқава сув тозалаш иншооти реконструкция қилинади, 5 та оқава сув насос станцияси, 54,6 километр оқава сув тармоғи қурилади.

Ана шу лойиҳа асосида Фарҳод қўрғонидаги оқова сувларини тозалаш иншоотини тўлиқ реконструкция қилиш ишлари якунланиб иншоот фойдаланишга топширилди. 93,2 километр оқава тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари якунланади. 1 та оқава сув тозалаш иншооти ва 5 та оқава сув насос станцияларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари жорий  йилнинг ноябрь ойига қадар тугатилади.

Бунинг натижасида Самарқанд шаҳрида 80 минг нафардан ортиқ аҳоли марказлаштирилган канализация хизматлари билан янгидан таъминланади ва ўз ўрнида санитария ва эпидемиологик ҳолат яхшиланади.

Айни пайтда Саудия ривожлантириш фонди ва ОПЕК фондлари иштирокидаги “Самарқанд вилояти Қўшробот тумани ичимлик сув таъминотини яхшилаш” лойиҳаси давом этмоқда.

Мазкур ишлар амалга ошиши натижасида 77 қишлоқда ва Қўшработ туман марказида яшовчи 65  минг нафар аҳоли марказлашган тоза ичимлик сув билан таъминланади.  Ҳозирда мазкур йирик лойиҳанинг 76 фоизи бажарилган. Лойиҳа тўлиқ якунлангач, Қўшработ тумани аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 16 фоиздан 85 фоизга етказилади.

Бундан ташқари, Жаҳон банки иштирокида 2020-2024 йилларда умумий қиймати 66  миллион доллар бўлган “Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрини ичимлик сув таъминоти ва оқава тизимларини яхшилаш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа орқали шаҳардаги ичимлик сув таъминоти 95 фоизга ва оқава хизмати таъминоти 90 фоизга етади.

Яна бир лойиҳа —  Абу Даби жамғармаси иштирокида 2020-2025 йилларда амалга ошириладиган, умумий қиймати 90 миллион доллар бўлган Самарқанд шаҳрини ичимлик сув таъминотини яхшилаш лойиҳасидир. Бунда 3 та йирик ичимлик сув иншооти қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган. Бу орқали 500 минг аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш сифати яхшиланади.

Аҳоли турмаш даражаси ва сифати ошиб борар экан, бундан кейин туманларда ҳам оқава хизматини яхшилаш долзарб бўлиб бораверади. Мазкур йўналишда бир қатор йирик лойиҳалар мавжуд. Жумладан, халқаро молия институтлари иштирокида 2022-2024 йилларда Самарқанд вилоятидги 6 та туман марказлари ва шаҳар типидаги аҳоли пунктлари оқава тизимларини яхшилаш лойиҳаси амалга оширилади. Бу орқали 9 та оқава сув тозалаш иншооти, 185  километрдан ортиқ тармоқ қуриш белгиланган.

Бу каби ишлар ҳажми йил сайин ошиб бораверади.

А.МУСТАФОҚУЛОВ.