Ўтган йилда бюджетга радар ва камералардан 724,6 миллиард сўм маблағ тушган

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ҳамда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг қўшма йиғилишида автотранспорт воситаларини бошқаришда йўлларда белгиланган тезликка риоя этилишини радарлар, шунингдек, стационар ва кўчма махсус техника воситаларидан фойдаланган ҳолда назорат қилиниши бўйича ўрганиш якунлари муҳокама қилинди.

Маълумотларга кўра, 2018-2020 йиллар давомида фото ва видео махсус воситалари орқали аниқланган йўл ҳаракати қоидабузарликлари ва уларга нисбатан белгиланган жарималар 2018 йил давомида фото ва видео махсус воситалар орқали 621 355 та қоидабузарликлар бўйича 208,4 млрд. сўмлик жарималар белгиланган бўлса, 2019 йилда 1 227 844 ҳолатда 481,8 млрд. сўмлик, 2020 йилда эса 1 763 691 ҳолатда 724,6 млрд. сўмлик жарималар қўлланилган. Бу 2018 йилга нисбатан аҳоли томонидан тўланган жарима суммаси миқдори 28,3 фоизга ошганидан далолат.

Шунингдек, ЙПХ ходимлари Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган тартибда экипировка қилинмаган енгил автомобиллардан фойдаланган ҳолда яширин усулда хизмат олиб бораётган ҳолатлар кузатилаётгани қайд этилди.

Кўчма махсус мосламалар йўлларда яширин равишда ўрнатилган ҳолатлар ҳам йўқ эмаслиги депутатлар томонидан маълум қилинди.