Ўтган йилнинг ўзида 4 мингга яқин ноқонуний қурилишлар аниқланган — Президент

Йиғилишда аҳоли учун қулай инфратузилма, сифатли таълим ва тиббий хизматлар, юқори даромадли иш ўринлари ҳамма шаҳарларда ҳам бирдек ривожланмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддилар аҳоли пунктларининг бош режалари ва батафсил режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқишни ўз ҳолига ташлаб қўйгани танқид қилинди.

Бош режаси бор ҳудудларда ҳам қурилиш ишлари пала-партиш ташкил этилмоқда, Қурилиш вазирлигида буни назорат қиладиган тизим ишламаяпти, деди давлатимиз раҳбари.

Шунингдек, айрим жойларда ноқонуний қурилишлар аниқланмоқда. Ўтган йилнинг ўзида 4 мингга яқин бундай ҳолат аниқланган.

Шунингдек, сўнгги икки йилда кўп қаватли уйларга туташ майдонларда 7 мингдан ортиқ ўзбошимча қурилиш бўлган, яна 5 мингта ҳолатда умумий фойдаланишдаги жойларни тўсиб олинган.

Ҳудудларда, айниқса, Тошкент шаҳрида кўп қаватли уйлар атрофида ноқонуний автомобиллар учун тўхташ жойлари қилиб, “блокатор”лар ўрнатиш авж олмоқда.

Умуман, кўчаларнинг ягона қиёфасига амал қилиш тизими йўқлиги, масалан, турли услубдаги бинолар ёнма-ён қурилиб, шаҳарларнинг архитектура қиёфаси бузилаётгани қайд этилди.