Ой қуёш нурини акслантиради ёхуд “кучли” ўқитувчининг ўқувчиси ҳам “кучли” бўлади
Беруний қуёшнинг ой орқали тунни ёритиши, ёруғлик тезлигини овоз тезлигидан ҳам тезкорлигини аниқлаб, “Инсоният тарихида энг ақлли киши” таърифини олган. 2023 йилга “Инсон қадри ва сифатли таълим” йили деб ном берилганда беҳосдан юқоридаги таърифни кўнглимдан ўтказдим.
Инсон ва таълим, қадр ва сифат. Изоҳга ҳожат йўқ!
Юнон муаррихи Страбон милоддан анча илгари Турон ўлкасини “Минг шаҳарли диёр” деб таърифлаган экан. Замондош олимимиз Абдусаттор Жуманазар мазкур машҳур таърифни “Минг мадрасали ўлка” деб очиқлабди. Минглаб зиёкор ўлкадошларимиз, юксак ақл соҳибларининг дунёга юзланишларини чин дилдан истаб қоламиз.
Мавзуга қайтиб инсоннинг ақлий капитали иборасини мулоҳазамиз ўзаги қилиб олсак. “Ўзакнинг мақсад-вазифаси – ақл заковатни ўстириш билан изоҳланади. Ўзбекистон давлатининг сиёсатини ўқ чизиғида ҳазрати инсон жой эгаллаганлигини Президентимиз ўз маърузаларида алоҳида урғуладилар. Сарлавҳага изоҳ берилишига фурсат “пишишини” кутсак, қаршилар бўлмаса керак. Биласизми, 2023 йилга мўлжалланган мурожаатни қандай тинглаганимни изоҳлашга сўз ожизлик қилади. Юқоридаги қораламаларим фикримнинг асосларини мустаҳкамлаб олишимга кўмак деб билдим. Менимча, миллионлаб муаллимлар мен каби ҳаяжонда. Ким ўз касбини улуғланишини хоҳламайди, дейсиз? Айниқса, муаллимлар.
БМТ таҳлилига кўра, инсон умрининг узайиши давлатларнинг иқтисоди, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимининг ҳолатига боғлиқлиги эълон қилинган. Мамлакатларда ўртача умр кўриш даражаси, дунё миқёсида, энг асосий кўрсаткичлардан ҳисобланади. Қиссадан ҳисса шуки, таълимни тубдан яхшиламасдан туриб, янги Ўзбекистонимизни бугун жадал ривожланаётган шароитда жаҳон мамлакатлари ўртасида рақобатбардошлигини таъминлаш, инновацион тараққиётга эришиш, аҳолини фаровонлигини ошириш, кутилаётган бош мақсад – инсонни қадрлашга эришиб бўлмайди. Билим барча соҳаларда муваффақиятларга эришиш имконини яратади. Йилимизнинг номланиши масалага шўнғиган сари нақадар айсбергмонандлиги тобора кўз ўнгимизда гавдаланиб бормоқда. Мен ўқитувчи сифатида қуйида соҳа ходимларининг олдида дарс сифатини дунё стандартига кўтариш борасида турган жузъий муаммоли масалалар ҳақида ўртоқлашишни маъқул топдим.
Маълумот учун, амалдаги тартибга асосан йилнинг номланиши билан боғлиқ давлат дастурини шакллантирилишига киришилди. Маърузада қайд этилганидек, таклиф беришга старт ҳам берилди. Жўяли, асосланган таклифларнинг кўтарилиши ютуқнинг ярмини ташкил қилиши барчага маълум. Демак, дастлаб таълим жамоаларида ҳозирги ўқитиш ҳолатини мактаб уставига, таълим сифатига масъул бирлашмаларнинг амалдаги низомларига нечоғлик мослигини атрофлича муҳокама қилиш, масалага тизимли ёндашиш имконини яратади. Аниқланган иккиланишлар, ечимсиз талаблар, эгасиз вазифалар бир-бирини инкор қиладиган меъёрий талаблар тоза вараққа чап-ўнг тарзида туширилиши ҳамкасбларимизни соҳага нечоғли куюнчакликларини исботлайди, тўғри йўлга бошлайди. Сарлавҳадаги ой бизнинг жондан азиз ўқувчиларимиз, улар Сизнинг нурингизни акслантиради.
Кези келганда, алоҳида таъкидламоқчиман, йилларни номланишидан асосий мақсад, номи берилган соҳани мавқеини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқишга эришишдир. Халқимизда баҳорнинг бир куни йилни боқади, деган пурмаъно нақли бор. Шу кун – шу бугун.
Биздан талаб қилинадиган вазифа сифатга эришишимиз учун бизга қандай шароитлар яратилиши, давлат ва жамоат ташкилотларидан уставларида муҳрлаб қўйилган қайси вазифаларни ҳамкорликда оғишмай амалга оширишимиз кераклигини дастурга киритилишига эришишимиз. Мисол учун, ўқувчиларимизни комил инсон қилиб тарбиялаш асосий вазифаларимиздан ҳисобланади. Лекин комилликнинг қайси фазилатлари қайси синфда, ким билан ҳамкорликда амалга оширилишига аниқлик киритиб олишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. Ҳалоллик, одоб сақлаш, раҳмдиллик, хушхулқлик, садоқатлилик, оқиллик, ватансеварлик, мардлик, устозларни эъзозлаш ва бошқа комилликнинг ўзига хос ахлоқ мажмуини бола онгига сингдиришда, маънавиятчиларимиз, ёзувчи, шоир, киночи, спортчи, илмий тадқиқот институтларимиз бизга қайси вазифада тиргак бўлишларини истаймиз? Негаки, мазкур соҳада олинган билимларни амалиётга жорий қилиш учун шундай жамият керак. Жамият жамоасини фозиллик, комилликка йўналтиришда дахлдорлар маошини оқласин (Бухорий, Термизий, Маъмун каби илмий тадқиқот институтларимиз шулар жумласидан). Бир сўз билан айтганда, жамиятда мактабга, муаллимга, таълимга муносабатни тубдан ижобий тарафга ўзгартириб юбориш учун қандай таклифларимиз бор?
Мавзудан четладингиз деб эътироз билдирувчилар ҳам бўлса керак. Йўқ, фикримга аниқлик киритаман. Фуқаролик жамиятида атроф муҳитда содир бўлаётган воқеаларга барчамиздан дахлдорлик сўраляпти. Демак, авваламбор, атроф муҳитни фуқаролик жамияти талабида бўлишига эришишимиз керак. Бу вазиятда биз болани мактабни, илмни, муаллимни ҳурмат қилишига эришамиз. Ўз навбатида унда билим олиш эҳтиёжини шаклланишига ва иштиёқини уйғонишига муяссар бўламиз. Қолаверса, ҳамкорларимизнинг асосий вазифаси ҳам шундан иборат.
Халқимизда “Уйда тана (жусса) учун зарур нарсадан ташқари, ақл учун ҳам керакли озуқа бўлиши керак” дейилади. Умумий кўринишда тушунарли, лекин уни 1, 2, 3 деб асосий талабларни таклиф қилайлик. Қолаверса, айрим оилаларда унинг иложи йўқ, унда кимга юклатилиши мақсадга мувофиқ. Ота-оналар чет элда, ажрашган, қамалган ва ҳ.к.
Билими бор ҳамма жойда ўз ўрнини топади. Бу ойдек равшан. Билимни олишда биз билган-билмаган янги услублар оммалашмай ётган бўлиши мумкин. Уни ким юзага олиб чиқади? “Кўз билан кўрган – эшитгандан афзал” дейилади ёки Берунийни фикрича “Билим, қайтариш ва такрорлаш мевасидир. Қайтариш ва такрорлаш учун дарс соатлари етишмаслиги мумкин, қийин ўзлаштириладиган мавзуларни бўлиб ўтиш керакдир. Стандартни ўзгартирайлик. Соат етишмайди? Таътилни қисқартирайлик. Нега энди япон болалар бор-йўғи бир ой таътилда бўлади? Лекин билими бизникидан зўр. Биз қуёшли кунларда 100 кун дам олиб, қаҳратон қишда тумшайиб ўқиймиз. “Қиш ўлдирма ёз ўлдир, оч ўлдирма тўқ ўлдир”... Бу нақлга эътироз йўқми? Унда қиш чилласига таътилни кўчириб, дарс соатларини ҳам кўпайтирайлик. Нега ўрис тартибидан чиқа олмаймиз?! Ўзимиз ўзгаришни хоҳламаяпмиз, шекилли. Ўзгармасликни иложи йўқ!
Ўқувчи зўр бўлиши учун ўқитувчи зўр бўлиши керак! Бу аксиома. Ҳурматли устозлар, қийинчилик йўқ жойда муваффақият ҳам бўлмайди. Агар Сиз бирор улуғ ишни, бирор кун қилмоқчи бўлсангиз, билинг шу кун бугун. Йўқотилган вақтни топиб бўлмайди. Дангасалик жуда секин ҳаракат қилади, камбағаллик унга тез етишиб олади.
Эскида гап бор: "Яратган тоғнинг салоҳиятига қараб қор юборар”. Ўз устида ишлаш “виқорли тоққа айланиш билан тенг" маъжозий маънода. Бирорта нарсага майда-чуйда деб қараманг! Ўз вазифангизга бефарқ бўлдингизми, дангасалик улар ортидан уқувсизлик, тез орада ишсизлик ва камбағаллик эшик қоқади. Барчамиз билимсиз бўлиб туғиламиз, аммо бир умр билимсиз бўлиб қолиш кишидан қанча меҳнат талаб қилишини биласизми? Зулматни қарғаб ўтириш ўрнига шам ёққан маъқул. Айтсангиз-унутаман, ўргатсангиз эслаб қоламан, жараёнда иштирок эттирсангиз ўрганаман. Азалдан "олимнинг сиёҳи, шаҳиднинг қонидан устун" қўйилган.
Тушунарли, бола мактабни истамайди. “Қалбимдан кечганини билурсан, хаёлимдан кечганини билмассан”, қабилидаги ҳолат.
Жалолиддин бобомиз замонасидаги муаммолар бугун ҳам долзарб экан, деб ўйлаб қоламан. Ижодкор синглимиз Орзигул Рустамованинг “Ишонч” газетасида изоҳлаган бир фикри диққатимда. "Ҳаммамиз кўрган, эшитган бир эртакда қор маликасининг каромати туфайли юраги музлатилган болакайни бувиси иссиқ чой ва меҳр билан асл ҳолатига қайтаришга эришади. Нима деб ўйлайсиз, наҳотки юрт зиёлилари бирлашиб битта буви қилган ишни қила олмасак. Мана биз учун “Изланиш майдони”.
Ўз замонасининг илм пешвоси Имом Аҳмаддан "Қачонгача илм ўқийсиз?! Шунча ўқиганингиз етмайдими?! Ахир катта олим бўлдингиз-ку", деб сўрашганда "Маъал михбори ҳаттал мақбаро", яъни "Қабргача сиёҳдон билан бораман" деб жавоб қилган экан.
Замондош олим Холмуҳаммад Карим "Одамзод ўзига ато этилган ақл ва илмни ишга солиб, жаҳонда рўй бераётган илмий кашфиёт ва изланишлардан бохабар бўлиб турмаса ва ўз ҳаётига татбиқ этишни кечиктирса, тараққиётда қолоқликка мубтало бўлади" деганда минг бор ҳақ эди. Ҳушёр бўлайлик, бохабарлик кечикиш арафасида. Дарҳақиқат, сифатли дарс билан ҳозирги авлодни илмга йўналтирсак, фидойилик кўрсатишга ўргатсак, жаҳолат ва илмсизликдан тезроқ қутуламиз ва илғор халқлар сафига қўшиламиз. Бу каби чекинишларим Мурожаатномадаги вазифани бош ижрочиси Сиз, азиз муаллимлар эканлигингизга ишора деб тушунинг.
Илгари асрлар давомида бўладиган ўзгаришлар ҳозир бир йилда бўляпти. Бугун тушимизга кирмаган минглаб касблар пайдо бўлди. 30-40 йилдан кейин қанақа касб йўқолади, қанақа пайдо бўлади, тегишли тадқиқот институтлари хулоса бера оладими? Негаки, дастурни шакллантиришдаги ҳаракатларимиз жараёнида уни албатта ҳисобга олишимиз шарт.
Келажакда моддий ва маънавий бойликлар жисмоний ва механизациялашган меҳнат билан эмас, ақлни ишлатиш билан бўлади.
Энди душманлар маънавиятимизни ўзгартириб, илмсизликка олиб келадиган, илмсиз қилиб улғайтиришга мўлжалланган яширин кучлар билан “жанг”га шайланишаётгани сир эмас.
Бир манбадан ўқиганим эсимда. “Оддий, аммо машаққатли меҳнат билан топилган юзлаб бойликларимизга, хориждан илм йўли билан яратилган битта нарсани сотиб оляпмиз. Бу табиат бойликлари тугаса, технологиядан ортда қолсак, нимани ҳисобига яшаймиз?!”
Сир эмас, кўп ривожланган давлатлар маъданларни қўшни планеталардан олиб келишмоқда. Хусусан, ойдан. Биз бу илмни қачон ўрганишни бошлаймиз? Таълим даражамиз дунёнинг 189 та давлатлари ичида 71-ўринда. Биринчи бешликдан ўрин эгаллашимиз учун нима етишмаяпти?
Қисқа ва лўнда фикр юритсак, биз Ўзбекистон аҳолисини илмли қилишимиз, барча бойликларни илм билан топишимиз керак. Бу давлатимиз раҳбарининг бизга қўйган қатъий вазифаси. Яна аниқроқ айтадиган бўлсак, илм бизнинг асосий яшаш қуролимиз бўлиши керак. Ҳозиргидек эътиборни фанни ёдлатиш эмас, фикрлаш, ўзгаришларга тафаккур билан қарашга, жараёнларни қиёсий жиҳатдан таҳлил қилишга қаратишимиз керак. Бунинг учун Ўзбекистонга ўқитувчи оддий эмас, такомиллашган, замонавийлашган мутахассис-педагог керак. Самарқандлик олим-устоз Мамаюнус Пардаев таъбирида айтганда "Ибрат бўлиш қийин эмас, агар аждодлардан ибрат олсак авлодларга ибрат бўламиз". Ўқидингми, фикрла, фикринг етмаяптими яна ўқи!
Бутун эл бўлиб курашишимиз керак бўлган нарса бор. Билимли бўлишга иштиёқни йўқлиги билан. Иштиёқ эса қачон билимга эҳтиёж бўлса уйғонади. Иштиёқи йўқ кишига китобни ўқитиш қийин, иштаҳаси йўқ одамга овқат едириш ҳам шундай.
Тест ўтказилишига эътибор берсангиз, энг кўп ҳужжат топширган ва энг юқори балл олган абитуриентлар дипломатия, хуқуқшунослик ва иқтисодиётда. 180 балл олган абитуриентлар бу мутахассисликларига киролмайди. Педагогикада эса 56,7 баллдан паст олганлар ҳам давлат грантига даъвогар. Қани эди юқорида зикр қилинган ўқув юртларига киролмай қолганларни 180 балл билан педагогикага йўналтирсак. Ҳар ҳолда озгина туртки бўларди. Акс ҳолда мактаб учун қилинаётган харажатлар ўзини-ўзи оқламайди, бу таклифни маъқуллайдиганлар бор бўлса, ишора беринг.
Ўқув тарбиявий жараённи бошқаришда ўқитувчида болани тушуна олиш, унга инсонпарварлик муносабатида бўлиш, унинг камолотини таъминловчи фикрлар жамланмасини тизимлаштириш сифатлари қон-қонига сингиб кетган бўлиши керак. Ўшанда унинг сўзидан, хатти-ҳаракатидан, ҳатто кўз қарашларидан ўқитувчилик уфуриб туради. Мана бу илмни ўқитувчига сингдириш услуби, мазкур сифатлар жамланган адабиётлар манбаси буюртма асосида 1, 2, 3 қабилида ёзилиши керак. Уни эслатма каби ўқитувчига расмий тақдим қилиш керак. Қани шу педагог-олим, қайси инстанцияда?
Иккинчи бир масала, “Қулоқсиз” ўқувчи машмашаси. Мен бу сўзни бекорга ишлатмадим, негаки бу ҳақда ҳамма гапиради, лекин ечим бермайди. Ҳатто, масалани асл эгаси бўлган мактаб психологлари ҳам.
Қизиқиб кўринг, болаларни “ақлли” тиббиёт, яъни психологлар ёрдамида хотирасини яхшилаш, ўйлаш тезлигини ошириш, мантиқни тез-тез амалга ошириш вазифаси кимда? Бу болани илм олишга тайёрлаш дегани эмасми? Мен ҳеч кимга юкни ағдармоқчи эмасман. Фақат бирлашишимиз тарафдориман.
Азиз ҳамкасблар, 2023 йилга берилган имкониятдан тўлақонли фойдалансак соҳамиз “қаддини ростлаб” олади. Афсонавий эртакларимиздаги қаҳрамонлар бизни бепарволикка чорлаб, чалғитиш орқали ухлатиб қўйиш учун тўқилган чўпчак. Хафа бўлмайлик. У қаҳрамонлар йўқ. Сиз ва биз ўша кутилган қаҳрамонлармиз. Ўзимиз ўз муаммоларимизни бир мушт бўлиб давлатимиз раҳбари раҳнамолигида ҳал қилишга масъулмиз.
Маҳмуд Бобоёров.