Ўзбекистон безгакдан холи ҳудудга айланганми?

* 25 апрель - Бутунжаҳон безгакка қарши кураш куни

Безгакка қарши кураш натижасида 1961 йил ушбу касалликка чалинган сўнгги беморлар ҳам даволаниб соғломлаштирилган. Шунга қарамай, 90-йилларда айрим қўшни мамлакатларда содир бўлган безгак эпидемияси оқибатида юртимизда ушбу касалликнинг тарқалиши хавфи пайдо бўлган эди. Тезкор чора-тадбирлар натижасида юртимизда ўша йиллари безгак хавфининг олди олинган. Ҳозир ҳам тегишли идоралар томонидан бундай тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Негаки, жаҳонда ҳали тўла безгакни бартараф этишга эришилмаган экан, амалий тадбирлар ҳамон сусайтирилмайди.

2007 йили 25 апрель - Бутунжаҳон безгакка қарши кураш куни, деб эълон қилинган бўлса, қарийб 13 йилдирки, ушбу сана муносабати билан бутун дунёда бир йил ичида бу борада амалга оширилган ишлар, натижалар сарҳисоб қилинади.

Алоҳида таъкидлаш керак, Ўзбекистон 2018 йилда безгакдан холи ҳудуд деган илиминация сертификатини олди.

Аҳоли миграцияси жаҳондаги бир қатор давлатларда безгак касаллиги бўйича нохуш эпидемиологик вазиятнинг сақланиб турганлиги туфайли мазкур хасталик мамлакатимизга ҳам кириб келиш хавфи мавжуд. Шунинг учун ҳам бу борада хотиржамликка берилиш мумкин эмас.

Муҳими, бемор ўз вақтида шифокорга мурожаат қилса, уни даволаш мумкин. Ҳар қандай бетобликни беэътибор ўтказмаслик, айниқса, безгак чивинлари чақишдан эҳтиёт бўлиш, хонадонларда чивинларнинг кўпайишига йўл қўймаслик лозим.

Умирқул МУРОДОВ,

вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси шифокори.