Ўзбекистон – Россия бизнес-форуми ўз ишини бошлади
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон-Россия бизнес-форуми бошланди. Унда икки давлат вазирлик ва идоралари, минтақалари, тармоқ бирлашмалари ва уюшмалар раҳбарлари, шунингдек, 500 дан ортиқ етакчи компания ва корпорациялар вакиллари иштирок этмоқда.
Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ва Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик кейинги йилларда жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади. Хусусан, қўшма сармоявий лойиҳалар сони ортиб, узоқ муддатли савдо-иқтисодий алоқалар кўлами кенгаймоқда. Бунинг натижасида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсмоқда. Жумладан, сўнгги беш йилда товар айирбошлаш 170 фоизга ўсди, 2021 йил охирига келиб эса яна учдан бир қисмга кўпайиб, 7,5 миллиард доллардан ошди. Яқин орада бу кўрсаткични 10 миллиард долларга етказиш ва бундан икки томон ҳам манфаатдор экани билдирилди.
Томонлар кейинги йилларда инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперацияси фаоллашганини юқори баҳоладилар. Ўзбекистонда Россия капитали иштирокида ташкил этилган корхоналар сони кейинги беш йилда уч баробарга кўпайиб, 3 мингтадан ошди. Бугунги кунда Ўзбекистонда нефть-кимё, энергетика, кон-металлургия, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, енгил саноат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, шунингдек, мева-сабзавотни қайта ишлаш соҳаларида Россия компаниялари билан ҳамкорликда умумий қиймати 20 миллиард доллардан ортиқ бўлган 200 га яқин қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда.
Форумда икки мамлакат иқтисодиётининг устувор йўналишларида, жумладан, автомобилсозлик, кимё ва тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги ва фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Бизнес-форум бир қатор шуъба мажлисларида давом этди. Уларда асосий эътибор саноат кластерларини ҳамкорликда ривожлантириш, саноат занжирини шакллантириш, ёнилғи-энергетика соҳасида йирик лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, транспорт саноатидаги ҳамкорлик, агросаноат тармоғида кичик ва ўрта бизнес вакилларининг алоқаларини кенгайтириш, замонавий ахборот технологиялари ва савдо-иқтисодий муносабатларни рақамлаштириш масаларига қаратилди.
Шунингдек, форум доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида учрашувлар ташкил этилиб, уларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ўзаро манфаатли савдо шартномаларини тузиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” номи остида кўргазма ҳам ташкил этилиб, унда мамлакатимизнинг саноат салоҳияти намойиш қилинмоқда.
Ғолиб Ҳасанов,
Икром Аввалбоев.