"Ўзбекистон. Самарқандга йўл” китобининг тақдимоти бўлиб ўтади (фото)
Бугун Лондонда “Ўзбекистон. Самарқандга йўл” китобининг тақдимоти бўлиб ўтади. Бу ҳақда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ахборот берди.
"Ушбу ноёб нашр мамлакатимизнинг тарихий ва маданий мероси бойликларини очиб беришга мўлжалланган. Биз Assouline Publishing француз нашриёти билан ҳамкорликда уни яратиш ҳамда чоп этиш борасида катта ишни амалга оширдик.
Китоб муаллифи — нашриёт асосчиси Яффа Ассулин. Суратлар дунёга машҳур фоторассом Лазиз Хаманийга тегишли. Айнан шу ижодкорларнинг нигоҳи билан муштарийлар юртимиз гўзаллигини, унинг турфа хил табиат манзаралари ва ўлкамиз халқлари маданиятини кашф этади.
Мазкур китобнинг ҳар бир саҳифаси нафислиги билан Ватанимизга ўзига хос таклифнома вазифасини бажаради. Нашрни 20 мамлакатда сотиб олиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси шафелигида ушбу лойиҳани яратиш ва уни амалга оширишга ҳиссасини қўшган барчага ўз миннатдорлигимизни билдирамиз", деб ёзган Саида Мирзиёева телеграм каналида.