Ёпиқ мавзу
Одатда шундай ўйлаймиз. Аслида ҳеч қачон ёпиқ мавзу бўлмайди. Инсон онги ишлаб турар экан, тафаккур қилади, оқ-қора, яхши-ёмонни фарқлайди. Демак, қайсидир маънода ўзингизни (тилингизни) жиловлашингиз мумкин, аммо ақлга, хаёлга чегара қўёлмайсиз.
ЎТМИШДАН ЭРТАКЛАР...
Ўтмиш бизга баъзан эртак бўлиб кўринади. Кечаги кунимизни қоралашни, чўпчакка чиқаришни боплаймиз. Ўша пайтда тилимизни тийганимизни, қўрқоқлигимизни минг хил услубда оқлаш пайида бўламиз. Аммо бугунги оқловларимиз ҳам эртага эртакка айланади.
ЯНГИ ТАРИХ
Гулнора Каримова. Бу номни ўқувчига қайтадан таништиришнинг ҳожати йўқ. У жуда яқин тарихимизда малика эди. Барча яхши ташаббуслар унинг номи билан боғланарди. Халқни, ёшларни бирлаштиришда, давлатимизнинг жаҳон мамлакатлари олдидаги қиёфасини яратишда қайсидир маънода унинг роли бўлди. Бугун миллионлаб қаҳрли нигоҳлар унинг шаънига қаратилган бўлса-да, елкама-елка турган санъаткорларимиз (Гулнора Каримова маданият соҳасига алоҳида эътибор бергани, тарғиботда уларнинг кўмагидан фойдалангани сир эмас) бугун унга тош ота бошлади. Шаънига мағзава ағдарди, ўғри деди.
Ваҳоланки, Гулнора Каримованинг келгуси тақдири ҳақида ўз отаси, Биринчи Президент қарор қабул қилиб бўлганди. Ўша лаҳзалардаёқ, опа ҳақидаги мақтовлар (“опа” деб мурожаат қилиш халқ ичида оммалашганди) тўхтади. Номаълум муддат ҳақоратларга расмий рухсат этилмади (ҳар қалай Ўзбекистондаги бирор бир расмий манба у ҳақда салбий фикр билдира олгани йўқ).
Кейинги тарих ҳаммамизнинг кўз олдимизда ёзиляпти. Ислом Каримов вафот этди. Шундан сўнг опа ҳақида “шивир-шивирлар” сиза бошлади. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси 2013 йил 24 октябрда “Terra Group” МЧЖ, “Prime Media” МЧЖ, “Gamma Promotion” МЧЖ фаолиятида солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилганини 2017 йилнинг иккинчи ярмига келиб маълум қилди. Кейин яна кўп-кўп нарсалар ошкор бўлаверди.
Бу жараёнларни кузатиш асло завқли эмас.
Нега? Чунки Гулнора Каримова:
– Ўзбекистон ва хорижда бир ярим мингдан ошиқ ҳар йиллик лойиҳаларни ташкил этган ва ўтказган “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми”нинг ташкилотчиси ва васийси;
– оналик ва болалик масалаларига доир хайр-саховат билан шуғулланувчи “Аёллар йиғини” ташкилоти;
– сут бези саратони бўйича “Ҳаёт учун” ассоциацияси;
– вилоятлардаги фермер ва тадбиркорларга грант ва имтиёзли кредитлар ажратувчи “Меҳр нури” жамғармаси;
– “Келажак овози” истеъдодли ёшлар танлови;
– “Асрлар садоси” кўчма анъанавий маданият фестивали;
– “Арт Wеэк Style.uz” лойиҳаси;
– “Олтин Гепард” халқаро кинофоруми;
– “M&TVA” маданият ва санъат танлови...
каби яна кўплаб ташаббусларнинг муаллифи эди. Маълумоти, карьерасига ҳам ҳавас қилса арзирди.
Бу лойиҳаларга ҳар йили минглаб, миллионлаб инсонлар қамраб олинган.
Инсон энг зерикарли мажлисга қатнашгандаям ўзига ниманидир “юқтиради”. Юқоридагиларга эса деярли ИЛОҲИЙ ЛОЙИҲАЛАР сифатида қаралди. Ва ҳамма англардики, бу яхши ишларнинг ортида ОПА турибди. Унинг тадбирларига қўшилган, тарғибот қилган ёшлар ўзини гўё шахсан Гулнора Каримовани кўрган, топшириғини олган ва шунга кўра ҳаракатланаётгандай тутарди. Оқ футболка кийиб бирор марафонда югурган борки, опага маънавий яқин ҳисобланарди. Бу гаплар кесатиқ эмас, албатта. Демоқчимизки, инсонда мавжуд кучга, ТУЗУМГА ЭЪТИҚОД шундай шаклланади. Бу жамиятда одамлар кайфияти, бугун ва эртасини белгилайдиган омиллардан бири.
Хуллас, бир лаҳзада буларнинг ҳеч бири қолмади. Гулнора Каримованинг фаолиятини қўллаб-қувватлаган одамлар, “кўтар-кўтар” қилганлар ўз-ўзидан ғойиб бўлди. Кечаги маддоҳлар бирин-кетин ОАВда ўзини оқлаб олди (Доим шундай бўлган!).
Ҳар қандай вазиятда ҳам тарғиботчига айланмайдиган қатлам бор. Бу – халқ. Халқ доим кузатувчи бўлади.
Демак, кузатувчининг ишончига яна путур етди. Руҳиятига ишончсизлик, ҳафсаласизлик, алданганга ўхшаш туйғу сизиб кирди. Халқ, халқ тили билан айтганда, “Ҳаммаси бир гўр!” деди.
САҲНА ДОИМ ЭСКИ БЎЛГАН, АММО...
Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева жорий йилнинг апрель ойида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикасининг чет элларда ижобий имижини шакллантириш – PR-марказ вазифаси ижроси, шунингдек, агентликнинг давлат органлари ахборот хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш каби вазифалар учун масъул этиб тайинланди. Қисқача қилиб айтганда, агентлик раисига ўринбосар бўлди.
Бунга ҳеч қандай эътироз йўқ. Шоҳ ҳам, гадо ҳам ишлаш, жамиятда ўз ўрнини топиш ҳуқуқига эга.
Аммо, шундан кейин ОАВда эълон қилинган мақолаларга эътибор қилайлик:
– Саида Мирзиёева Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантиришга масъул бўлди (Изоҳ: Ваҳоланки, ўша куни бошқа ўринбосарлар ҳам тасдиқланганди);
– Саида Мирзиёева: Амалга оширилиши керак бўлган ишлар жуда кўп. Муаммолар ҳам етарлича (Изоҳ: Мақолага асос Мирзиёеванинг фейсбукдаги саҳифасида шунчаки, агентликда қиладиган ишларимиз, муаммолар кўп, деб ёзгани бўлди);
– Саида Мирзиёева мактабларни Президент ташаббуслари ижроси ўзаги сифатида белгилаш ҳақида гапирди (Изоҳ: Мирзиёеванинг Бўка туманига боргани асос қилиб олинди. Ушбу туманга вазирлар ҳам боряпти, ташаббус ҳақида бевосита мутахассислар қайта-қайта гапиряпти, лекин биз уларни эслаб ҳам қолмаганмиз);
– Саида Мирзиёева Тошкент вилоятига чиқиб, лойиҳалар билан танишди;
– Саида Мирзиёева: “Мажбурий мактаб формаси талаб қилинишига ҳали эрта” (Изоҳ: Ва тез орада Мирзиёеванинг шунчаки, ижтимоий тармоқда айтган гапи тизим учун қарордай янгради. Мажбурий мактаб формаси номаълум муддатга кечиктирилди);
– Саида Мирзиёева Савицкий музейи директорлигини эгаллаган эксперт Тигран Мкртичевга катта ишонч билдирди (Изоҳ: !);
– Саида Мирзиёева аҳолини энг кўп ташвишга солаётган 5 та муаммони санаб ўтди;
– Ўзбекистон Президентининг ўғли ва куёвлари Дубай амирлиги ҳокими ўғилларининг тўйида иштирок этди;
– Шаҳноза Мирзиёева: “Орол инқирозидан жабр кўрган минтақага самарали ёрдам кўрсатишимиз керак” (Изоҳ: Шаҳноза Мирзиёева – Мактабгача таълим вазирлигининг мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари);
– Мактабгача таълим вазирлиги Суриядан қайтган болалар учун байрам уюштирди (Изоҳ: Ушбу хабарда вазир Агриппина Шиннинг ўзи ҳам қатнашган бўлсада, Шаҳноза Мирзиёева асосий ўринга чиқариб кўрсатилди. Унинг фикрларидан иқтибос келтирилди).
Англашиладики, биз, ОАВ маёғини эски ўзанидан чиқиб, холис сузишини таъминлай олмаяпмиз. Бирёқламамиз. Юқори лавозимдаги одамларни янада юқорига кўтаришдан тийилолмаяпмиз. Маддоҳлигимиз, “кўтар-кўтар” қилишимиз ҳамон давом этяпти. Эски саҳнага янги қаҳрамонни чиқаришга уриняпмиз. Ваҳоланки, бу хайрихоҳлигимизни, мадҳияга ишқибозлигимизни Президентнинг қизларига мутлақо қизиғи йўқ! Қизиғи бўлгандаям, фойдаси йўқ. Фойдаси йўқлигини, аксинча, жуда жиддий зарар келтиришини Гулнора Каримова мисолида кўрдик.
ОАВда мансабдор инсонларнинг оддий гапини ҳам янги қитъа кашф қилгандек байроқ қилиб кўтаришимиз рости, ХАЛҚНИНГ ҒАШИГА ТЕГАДИ! Ҳафсаласини пир қилади, кўнгли қолади. Президентнинг қизларини ўз ҳолига қўяйлик, ишласин, амалда ўзини кўрсатсин, ўзи билан тенг лавозимда бўлганлар билан холис беллашсин. Оммавий ахборот воситалари бошқа шу лавозимда ишлаётганларга ҳам адолат билан минбар ажратмас экан, шубҳасиз, СОХТА ҚАҲРАМОН яратиб қўямиз. Одамларнинг кўзи, қулоғи ўрганади. Натижаси эса ҳаммага маълум. Янги лавозимлар, имкониятлар эшиги очилади. Табиийки, бу табиий жараён бўлмай қолади.
Бундан ташқари, янги туғилган чақалоқларга Президент оиласига дахлдор инсонларнинг исмини қўйиш оммалашди. Дастлабки вақтларда айнан шу жараён ҳам ОАВ учун янгилик, ўзига хос хабар сифатида бериб борилди. Мана, қисқа вақтда бундай хабарлар ўқувчини ҳам, одамларни ҳам бездирди.
– Саида Мирзиёева фаол ҳордиқ чиқараётган ўғлининг суратлари билан бўлишди;
– Саида Мирзиёева қизи ва унинг севимли овунчоғи акс этган фотони эълон қилди.
Иккинчи хабарда қизалоқ атиги ўзи ёқтирган кучукча билан суратга тушганини ўқиймиз. Унда жониворларга ғамхўрлик болаликдан шаклланиши лозимлиги айтилади. Энди буниси ортиқча! Этика ва мантиқ чегараларидан чиқиш жараёни бошланди.
Хуллас, биз одамлар онгига Президентнинг қизлари ФАҚАТ ҲАҚИҚАТНИ, ҲАҚИҚАТНИ ГАПИРАДИ, деган тушунчани сингдиряпмиз. Уларнинг кундалик ҳаётда қиладиган ишлари, ишлатадиган гапларини ИДЕАЛ сифатида қабул қиляпмиз. ОАВнинг вазифаси бу эмас. Президент Шавкат Мирзиёев журналистлар ҳақида гапирар экан, “...ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам адолат тамойилига, ўзининг ҳаётий ва ижодий принципларига содиқ қолиш, одамларни қийнаётган камчилик ва муаммоларни дадиллик билан кўтариб чиқиш, уларни бартараф этиш учун жамоатчилик фикрини шакллантиришга, аввало, сизлар каби маънавий жасорат эгаларигина қодир бўлади”.
Афсуски, ҳозирча жасоратимиз фақат мақтовга етяпти.
Исомиддин ПЎЛАТОВ.
"Жомбой тонги" газетаси.