Ўзбекистон ТИВ Озарбайжон-Арманистон чегарасидаги вазиятга муносабат билдирди
Ўзбекистон Республикаси Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилувчи мамлакат сифатида Озарбайжон-Арманистон чегарасида тинчликка эришилгани ва кескинлик бартараф этилганини олқишлайди.
"Ўзбекистоннинг ишончи комилки, барча масалалар ва мавжуд муаммоларни ҳал қилишнинг ягона тўғри йўли бу халқаро ҳуқуқ асосида ва илгари эришилган келишувлар доирасида тинчлик музокаралари ва маслаҳатлашувлар йўлидир.
Биз тинчлик шартларига қатъий риоя қилиниши, ҳар қандай шароитда ҳам вазминликнинг намоён бўлишига умид қиламиз ҳамда томонларни мавжуд аҳволни барқарорлаштириш, вазиятдан чиқиш учун сиёсий ва дипломатик музокаралар олиб боришга даъват этамиз", дейилган вазирлик баёнотида.