Ўзбекистонда 10 та тиббий тез ёрдам вертолётлари харид қилинади
Самарқанд шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон–Франция бизнес форуми доирасида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири А.Иноятов ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори А.Азизов Франциянинг “Boehringer Ingelheim” компанияси раиси Кристиан Вижсен билан музокаралар олиб борди.
Мулоқот давомида респиратор, юрак-қон томир ва онкологик хасталиклар, ОИВ, тромбоэмболиялар, цереброваскуляр касаллик, қандли диабет, гепатит ҳамда Паркинсонни даволашга мўлжалланган дори воситаларини ишлаб чиқарувчи мазкур компания раҳбарияти билан маҳаллийлаштириш имкониятларини чуқур ўрганишга келишиб олинди.
Шунингдек, Франциянинг “Airbus Helicopters” компанияси раҳбарияти билан Республика тез тиббий ёрдам тизими учун 10 та “Airbus Н-145” русумли тиббий вертолётларни харид қилиш ҳамда мамлакатимизда Европа стандартларига мос тиббий авиация хизматини ташкил этиш, бу соҳанинг моддий-техника базасини яратиш ҳамда мутахассислар тайёрлаш, тоғли ва чекка ҳудудларда тиббий авиация хизматини ташкил этиш механизмларини ишлаб чиқиш истиқболларини муҳокама қилди.
Ҳамда тиббий кислород генераторлари, тиббий газ қурилмалари ва тизимларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “Газ систем” компанияси раиси Жан Эдуард билан ўзаро ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқилди.