Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати 60 даража кўтариляптими? — синоптиклар изоҳи
Иссиқ шу қадар авжига чиқмоқда-ки, аҳоли ўртасида “синоптиклар ҳароратнинг ҳақиқий кўрсаткичларини яширади, аслида ҳарорат кундузи 47-50 даражадан кам эмас”, деган гаплар “урчимоқда”.
Кимлардир бунга уйдаги ҳароратни ўлчаш асбоблари борлиги ва унда 60 даража қайд этилганини мисол келтирмоқда.
Бу фикрлар қанчалик тўғри? Аслида ҳарорат қандай ўлчаниши тўғрисида “Ўзгидромет” мутахассислари қуйидагиларни сўзлаб беришди.
– Айни вақтда аҳоли ҳароратни аниқлайдиган маиший термометрлардан кенг фойдаланмоқда, – дейди бош синоптик Ирина Зайцева. – Кўпинча, бу асбобларнинг қабул қилиш қисми, шаҳардаги электрон таблоларга ҳарорат тўғрисидаги маълумотларни етказувчи термометрларнинг қабул қилувчи қисмлари тик қуёш нурлари ёки атрофдаги предметларнинг иссиқлик нурланишидан ҳимояланмаган.
Бундай ҳолатда термометр ҳаво ҳароратини эмас, балки термометрнинг қабул қилувчи қисми қизиган даражасини ўлчайди.
Тўғри, қуёш нурлари остида (очиқ ҳавода) бўлган инсон ҳаво ҳароратини эмас, қуёшдан келаётган, ер юзасидан кўтарилаётган ҳамда атрофдаги қизиган предметлар ўзидан чиқараётган энергия таъсирида иссиқлик босимини ҳис этади.
Автомашинадагилар қуёш нурлари таъсирида қизиган машина корпусининг иссиқлигини ҳис қилади. Шунинг учун тик қуёш остидаги ҳарорат сояга қараганда анча юқоридек сезилади.
Энди бизнинг кузатувларимизга келадиган бўлсак, иссиқлик нурланиши омилларини истисно қилиш мақсадида бутун дунёда Жаҳон метеорология ташкилоти қоидаларига мувофиқ ягона услубда ва ягона стандартда ўтказилади.
Хусусан, ҳаво ҳарорати ер сатҳидан 2 икки метр баландликда ўрнатилган махсус шамоллатиладиган метеорологик хонада ўлчанади. Ўлчов асбоблари доимий равишда текширилади ва уларнинг кўрсаткичлари эталон асбоб кўрсаткичлари билан солиштирилади.
Шунинг учун ҳаво ҳарорати тўғрисида аниқ маълумотларни билмоқчи бўлсангиз, “Ўзгидромет” прогнозларидан фойдаланиш ва ишонишни таклиф қиламиз.
Қайд этиш керакки, ҳозирга қадар жаҳонда энг юқори ҳаво ҳарорати АҚШнинг Калифорния штатидаги Ўлим водийси ва Ливия чўлида қайд этилган бўлиб, у 57-58°С ташкил этган.
Ўзбекистонда энг юқори ҳарорат эса Қизилқум чўлида ва Термиз шаҳри яқинида қайд этилган бўлиб, у 50°С бўлган.
Тошкент шаҳрида ёз мавсумининг абсолют максимуми иссиқ даври 1997 йилнинг 18 июль куни бўлган. Бунда иссиқлик ҳарорати 44.6°С га тенг бўлган.
Сайёра ШОЕВА, ЎзА.