Ўзбекистонда илк бор музейларда илмий кенгаш очилмоқда

Биламизки, музейлар миллатнинг маданий жиҳатдан уйғониши, миллий мафкурани тарғиб қилишда, халқ онгида миллий ғурур ва ифтихорни кучайтиришда муҳим роль ўйнайди.

Ёзма манбалар билан бир қаторда Ўзбекистон музейларида сақланаётган кўп минг сонли маданий ёдгорликлар ҳам тарих илмининг асосий манбаларидан бири ҳисобланади. Улар ҳужжатлар, археология, нумизматика, этнографияга таалуқли бўлиб, тарихимизнинг барча даврларини қамраб олади. Шу жиҳатдан музейлар маданият қон-томири ҳисобланиб, давлат ва жамият ҳаётида алоҳида аҳамият  касб этади.

Ўзбекистонда маданият муассасалари, шу билан бирга музейларнинг бозор муносабатларига ўтиши, уларнинг олдига янги вазифаларни қўймоқда. Энди музейлар аввалги даврлардагидек, “яшаб қолиш”гагина эмас, балки мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этишга одатланиши лозим.

Маълумки, собиқ иттифоқ даврида Ўзбекистон музейлари мафкуравий ташкилотга айлантирилиб, сиёсий доктриналар ва қоида-қонунларни тарғиботчиси ҳисобланарди. Совет давлати мафкурачилари ушбу йўналишда музейлардан усталик билан фойдалана олди. Бунга биргина мисол, бутун собиқ иттифоқ музейлари ичида фақатгина Ленин музейининг муваффақият билан ривожланганидир. Ўтган аср 90-йилларида музейларга ташрифлар сонининг кескин камайиб кетиши ҳам мана шу жараён билан изоҳланади. Муаммо шундаки, музейлар қандай тарихий шароитда совет мафкурасининг қуролига айлантирилди, колониал даврдаги сарой коллекционерлик анъаналарига кўра қурилган Ўзбекистоннинг кекса музейлари янги – “советча” йўналишга ўтиши қандай кечди, ниҳоят улар ҳозирги замонавий шароитларга мослашишда қайси йўлдан боряпти? Бу борада ҳозирги вақтда мафкурадан холи бўлган қандай фундаментал тадқиқотлар олиб борилмоқда?

Ушбу саволларга жавоб топиш, муаммоларни чуқур илмий таҳлил этиш бугунги музейларнинг кечиктириб бўлмайдиган вазифалари сирасига киради. Чунки, ҳозирги пайтда давлатнинг маданий соҳадаги сиёсати билан қўллаб-қувватланаётган Ўзбекистон музейлари амалий фаолияти уларнинг назарий концепцияларга мос келмайди. Бунинг асосий сабаби замонавий музейшуносликнинг фан сифатида ҳалигача тараққий этмаганидадир. Бу эса амалий музейшунослик тадқиқотлари ва ишланмалари паст натижавийлигига, музейлар тараққиётининг асосий принципларини ишлаб чиқишда илмий таянчнинг етишмаслигига олиб келмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан яқинда қабул қилинган “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ана шу бўшлиқларни тўлдириш имкониятини юзага келтиради.

Фармонда Ватанимиз тарихида биринчи марта Ўзбекистон давлат санъат музейи ва Ўзбекистон тарихи давлат музейида музейшунослик, санъатшунослик, маданиятшунослик йўналишларида ихтисослаштирилган илмий кенгашлар ва илмий-методик кенгашлар ташкил этиш белгиланди. Эндиликда ана шу кенгашлар воситасида Ўзбекистонда музейшунослик йўналишида тадқиқотлар олиб борилади ва ҳимоя қилинади.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон музейларининг ташкил топган дастлабки давридан бугунги кунга қадар босиб ўтган йўлини чуқур таҳлил этмасдан, зарурий хулосаларни чиқармасдан туриб, уларни эскилик қолипидан чиқариб, янги тараққиёт йўлига тушиб олиши учун зарур шарт-шароитларни юзага келтириш мумкин эмас. Ушбу муаммоларни Ўзбекистондаги музейлар мисолида таҳлил қилиш, музейларнинг ҳар бир ижтимоий-иқтисодий тузимда тутган ўрнини аниқлаш ва фаолиятига танқидий баҳо бериш орқали зарурий хулосаларни олиш замонавий музей иши тараққиётини назарий жиҳатдан англашга хизмат қилади.

Маҳмудхон ЮНУСОВ,

Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи.