Ўзбекистонлик ММА жангчиси вафот этди
Қўл жанги ва спортнинг жанговар самбо турлари устаси, сўнгги пайтларда ўзини ММА`да синаб кўраётган ўзбекистонлик спортчи, 28 ёшли Бекзод Нурматов ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда "Оламспорт" нашри маълум қилди.
Нурматов жорий йилнинг 4 октябрь куни Чеченистоннинг Грозний шаҳрида Россиянинг Absolute Championship Akhmat ММА-промоушен томонидан ташкил этилган АСА 100 юбилей турнирида иштирок этган эди.
Бекзод Нурматов ҳакамлар қарорига кўра, мезбон спортчи Беслан Исаевга имкониятни бой бериб қўйган. Ҳакамлардан икки нафари Исаев, яна бири Нурматовнинг ғалабасини ёқлаганди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари курсанти, қўл жанги бўйича жаҳон чемпиони, бир неча бор жаҳон кубоги соҳиби бўлган 28 ёшли Бекзод Нурматовнинг профессионал фаолиятидаги кўрсаткичи 11-2 эди.
Ҳозирча Бекзод Нурматовнинг ўлими сабаблари маълум эмас. Норасмий маълумотларга кўра, унинг ўлимига инсульт, яъни мияга қон қуйилиши сабаб бўлган.