“Ўзбекнефтгаз”: Жаҳонда илк бор “Uzbekistan GTL” заводида табиий газдан синтез қилиш йўли билан синтетик авиакеросин ишлаб чиқарилди
"Газни – суюқликка" технологияси асосида дунёдаги етакчи заводлардан бири бўлган “Uzbekistan GTL”да яна бир янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилишига старт берилди.
Нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон тарихида илк бор, “Uzbekistan GTL” заводида халқаро стандарт (ASTM D-7566) ва техник талабларига мос бўлган синтетик авиакеросин маҳсулоти ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.
GTL заводида ишлаб чиқарилган синтетик керосинининг биринчи партияси намунаси олиниб, халқаро авиасоҳани тартибга солувчи ташкилот (IATA) тавсиясига кўра, мувофиқлик сертификатини олиш учун SGS компаниясининг Эстония, Бельгия ва Франциядаги лабораторияларига таҳлил ва тегишли хулоса олиш учун юборилди.
Бошқарув раиси аввало жорий йилнинг 15 июнь куни “Uzbekistan GTL” заводида Ўзбекистон тарихида биринчи синтетик нефти, 2022 йил 29 июнь куни Ўзбекистон нефть-кимё саноати тарихида илк бор синтетик дизель, кейинчалик “GTL” синтетик нафтаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилганини таъкидлаб, мутахассисларнинг яна бир изланиши самара берганини ҳамда табиий газдан синтез қилиш йўли билан Жаҳон тарихида илк бор синтетик авиакеросин ишлаб чиқарилганини расман маълум қилди.
Таъкидланишича, синтетик авиакеросин ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, халқаро стандарт (ASTM D-7566) ҳамда техник талабларга риоя қилган ҳолда синтетик авиакеросин ишлаб чиқарилишини назорат қилиш режаси ишлаб чиқилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Uzbekistan GTL” мажмуасида йилига умумий қиймати 1 миллиард АҚШ доллари ёки 12,8 триллион сўмдан ортиқ импорт ўрнини босувчи нефть маҳсулотлари ва углеводород хом ашёлари ишлаб чиқарилиш режалаштирилган.