Ўзбошимча эгалланган мулкни эътироф этиш: Жараён қандай кечяпти?

2024 йил 8 ноябрдан Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.

Ушбу қонун ижроси бўйича вилоят кадастр идоралари томонидан дастлабки хатлов натижаларига кўра Самарқандда 400 мингдан ортиқ фуқаронинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларини ҳамда уларда қурилган бино-иншоотларга нисбатан ҳуқуқлари эътироф этилмаганлиги аниқланди.

Вилоят матбуот уйида ўтказилган навбатдаги матбуот анжуманида вилоят адлия бошқармаси бошлиғнинг биринчи ўринбосари мазкур жараён ва ҳуқуқни эътироф этиш ва дастлабки натижалар ҳақида маъулумот берди.

-  Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, вилоят кадастр идоралари хатлов жараёнларини тўғри ташкил қилмаганлиги кадастр агентлиги томонидан қўйилган ҳар бир ходимга хатлов қилиш режаларини бажармаганлиги оқибатида 2024 йилда 47 та маҳалла ҳамда 2025 йилнинг 31 мартигача 75 та маҳаллада хатлов ишлари олиб борилиши белгиланган, - дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Озод Шодиқулов. – Аммо 2025 йилнинг 31 март ҳолатига режа-жадвалда белгиланган 122 та маҳалладан атига 47 таси (38 фоиз)да хатлов ишлари амалга оширилган. Масалан, вилоят адлия бошқармаси томонидан Каттақўрғон, Булунғур туманларида 10 тадан, Пайариқда 6, Каттақўрғон шаҳрида 2, Тойлоқ ва Нарпай туманларида 1 тадан фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига нисбатан ижобий хулоса берилиб, халқ депутатлари вилоятлар Кенгашининг сессиясида муҳокама қилиш учун тайёр ҳолатга келтирилган. Бироқ Самарқанд шаҳрида хатлов ишлари умуман қониқарсиз аҳволда ташкил қилинганлиги сабабли Самарқанд шаҳар кадастр бўлими томонидан 2024 йилда 12 та маҳаллада ҳамда 2025 йилнинг 27 март кунигача 27 та маҳаллада хатлов ишлари олиб борилиши белгиланган. Бироқ 2025 йилнинг бугунгача бўлган ҳолатида режа-жадвалда белгиланган 39 та маҳалладан атига 2 тасида (5,1 фоиз) хатлов ишлари амалга оширилган. Бу республикада энг паст кўрсаткич бўлиб қолмоқда. Натижада мазкур камчиликларга йўл қўймаслик учун ва аниқланган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан вилоят адлия бошқармаси томонидан кадастр идораларига 6 та огоҳнома ва 1 та тақдимнома киритилди.

Маълумот учун, вилоятда 1126 та маҳалла бор ва кадастр идоралари томонидан ҳозиргача 6,5 мингдан ортиқ кадастр йиғма-жилдини базага киритиш жараёни бошланган. Вилоят адлия бошқармаси 30 нафар фуқаро томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига нисбатан ваколатли бўлган 22 та ташкилотнинг хулосаси асосида халқ депутатлари вилоятар Кенгашининг сессиясида муҳокама қилиш учун тайёр ҳолатга келтирилган. Бунинг натижасида 2025 йил 10 апрелда ўтказилган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 10-сессиясида вилоятнинг шаҳар-туманларидаги 30 та уй-жойга нисбатан мулк ва ижара ҳуқуқлари эътироф этилди.

Қонун ижросини таъминлашда маълумот ва ҳужжатларнинг автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилишида 12 та ваколатли идора томонидан 300 дан ортиқ муддат бузилишига йўл қўйилган.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Ҳусан Элтоев (фото).