Энди кадастр ходими ҳам бодикамера билан ишлайди

Аҳоли томонидан турли давлат идораларига бўлаётган мурожаатларнинг аксарияти ер муносабатлари ва кадастр соҳаси билан боғлиқ. Уларнинг катта қисми қўшнилар ўртасидаги ер талашиш, уй-жойларнинг кадастр ҳужжатлари, ноқонуний ер ўзлаштириш ва чегаралар бўйича бўлади.

Бир мурожаатда чекка ҳудуддаги фуқаронинг кадастр ҳужжати бўлса-да, унинг ер майдони қўшнилари томонидан ўзлаштирилган.

Ҳозир техника ва технология анча ривожланган даврда шу каби ҳолатлар юзага келмаслиги учун кадастр ҳужжатлари шакллантирилаётган вақтда фақат қўшниларинигина белгилаб қолмасдан, горизонт томонлари, фуқаронинг уй-жой майдонининг аниқ кординатасини белгилашнинг имкони йўқми?

Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган пресс-турда шу каби саволларга жавоблар берилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2024 йил 1 январь ҳолатида вилоятимизда жисмоний ва юридик шахслар эгалигидаги кўчмас мулклар сони 899 290 та бўлиб, шундан 869 580 таси жисмоний шахслар тасарруфидаги объектлар ҳисобланади. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 7329 тага, шундан 5948 таси жисмоний шахсларга тегишли объектлар ҳисобланади.

- Кўчмас мулкларни турлари бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, якка тартибдаги тураржойлар сони 736337 та, - дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари Шакарбой Бўтаев. – Бу ўтган йилга нисбатан якка тартибдаги уй-жойларнинг қайта қурилиши ёки бутунлай бузилганлиги ҳисобига 4344 тага камайган бўлса, юридик шахсларга тегишли кўчмас мулклар 157 тага кўпайган. Аҳоли фойдаланувидаги томорқа участкалари 52413 тани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 404 тага кўпайган. Хонадонлар сони 102371 тани ташкил этган ва ўтган йилга нисбатан жисмоний шахслар бўйича 8216 тага кўпайган бўлса, юридик шахсларники, аксинча 1342 тага камайган.

Ўтказилган хатлов ва маълумотларни электрон базага киритишда вилоятимизда 583494 та давлат рўйхатидн ўтмаган объектга тегишли маълумотлар таҳлил қилинди. Яъни, ҳуқуқий ҳужжати бўлмаган уй-жойлар сони 456929 тани, давлат рўйхатидан ўтгани эса 26467 тани ташкил этмоқда. Ҳуқуқий ҳужжатлари мавжуд бўлган 63476 та объект давлат рўйхатидан ўтказилди, бошқа объектлар (бўш ер, дала ҳовли ёки барак)лар сони 44502 тани ташкил этмоқда.

Кадастр соҳасидаги яна бир муҳим жиҳат ерларни онлайн аукционга чиқариш билан боғлиқ. Ушбу масалада соҳада тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар асосида вилоят туман-шаҳарларидан 666,5 гектар майдон бўйича 6321 та бўш ер майдони савдога киритилган. Шундан 3055 та ер участкаси аукцион савдога чиқарилиб, 1532 та лот сотилган, яна 1523 та лот савдода ва 1695 та ер участкаси ташкилотлар томонидан рад этилган. Бошқа ер майдонлари турли ташкилотлар билан келишув жараёнида.

Тадбирда кадастр соҳасида фойдаланиладиган ускуналар, ерларнинг сунъий йўлдошдан суратга олишдаги аниқлик, тизимдаги янгиликлар хусусида ҳам маълумот берилди.  

- Юқоридаги саволга келадиган бўлсак, техник жиҳатдан бунинг имкони бор, - дейди кадастр агентлиги вилоят бошқарма шуъба мутахассиси Хуршид Бердиқулов. – Бунинг учун замонавий JPS қурилмасидан фойдаланилади. Бу ускуна барча туман кадастр бўлимларига ҳам берилган. Бу ускунанинг соҳадаги муҳимлиги инобатга олиниб, Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорлари асосида яна 20 та  JPS қурилмаси харид қилинди ва яқин кунларда вилоятимизга келтирилиб, фойдаланишга киритилади. Яна бир муҳим жиҳати, аввал кадастр йиғмажилдида фақат уй-жойнинг чегаралари қўлда ўлчаниб чизилган бўлса, ҳозирда объектнинг топосъёмкаси ҳам кадастр йиғмажилдига тикилмоқда.

Тизимдаги яна бир муҳим янгиликлардан бири кадастр ходимлари эндиликда планшет орқали иш фаолиятини олиб боради ва ҳар бир ходимга йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари каби бодикамера билан таъминланади. Аввал мутахассис жойни ўргангач, иш жойига қайтиб базадан ҳақиқий ҳолатни текширишга тўғри келарди. Энди эса ўша жойни ўзида ер майдони чегараларини текшириш, кординаталарни тизимга киритиш ва мурожаатларга қисқа фурсатда ечим топиш имконияти яратилди.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.