Ўзи юз кило вазнда бўлган шифокорга ким ишонади?
Самарқандда 80 ўринли болалар онкогематология бўлими очилиши кутилмоқда. Айнан мазкур йўналишдаги касалликлар учун бугунги кунда хориж шифохоналарига мурожаат қилиш кўп учрамоқда.
Шунингдек, жорий йилда 100 ўринли болалар реабилитация бўлими ташкил этилиши ҳам кўзда тутилган.
Бу рақамлар Самарқанд вилоятида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати, соҳага киритилган янгиликлар билан яқиндан таништириш мақсадида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ташкил этилган пресс-тур давомида айтилди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Суҳроб Зайниев журналистларга бирламчи тиббиётдаги янгиликлар, соҳада кейинги йилларда амалга оширилаётган лойиҳалар ва уларнинг натижалари бўйича маълумот берди.
- Дунё миқёсида аҳолининг 70 фоизи аввал поликлиникага мурожаат қилса, 30 фоизи марказий шифохоналарга боради, - деди С.Зайниев тақдимотни шарҳлар экан. - Афсуски, бизда бу рақамлар тескари тартибда ишлайди. Мақсадимиз, халқаро стандартларни ўзимизда ҳам шакллантириш. Табиийки, бу мезонларга эришиш учун бирламчи тиббиёт салоҳиятини кўтариш, уни янги тизим доирасида мукаммал ишлашига шароит яратишдан иборат. Ўзи 100 кило вазнда бўлган, зарарли одатлари мавжуд тиббиёт ходими одамларга қандай ибрат бўлиши мумкин.
Бирламчи тиббиёт касалликка қарши курашдан кўра, унинг олдини олиш билан машғул бўлиши керак. Мазкур масала мамлакатимиз раҳбарининг қарор ва фармонларида ўз аксини топди ва бугун Самарқанд шаҳри, Иштихон ва Булунғур туманида тажриба тарзида бирламчи тиббиётдаги ўзгаришлар сифатида намоён бўлмоқда.
Тадбирда поликлиникалардаги D-med тизими, лабораторияларнинг марказлашгани, тор мутахассисларнинг марказий поликлиникаларда фаолият юритиши сабаблари ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
- Сир эмас, илгари марказий шифохоналар ташхис қўймасди, - деди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жамшид Жиянов. – Албатта, бошқа манзиллардан таҳлил талаб этиларди. Чунки лабораторияларнинг аксари эскирган, неча йилдан бери янгиланмаган. Айни кунларда эса марказий шифохоналарга энг замонавий лаборатория жиҳозлари келтирилди ва фойдланилмоқда. Энди бемор пойтахтда даволанмоқчи бўлса, шу таҳлил жавоблари электрон тизимда кўриниб туради. Беморнинг ортиқча сарсон бўлишига йўл қўйилмайди.
Анжуманда шу каби бир талай янгиликлар ҳақда маълумот берилди.