Ўзини дарёга ташламоқчи бўлган икки ёшнинг ҳаёти сақланиб қолди

Жорий йилнинг 1 февраль куни соат 15:10 ларда Қарши шаҳридан оқиб ўтувчи Қашқадарё дарёсига кўприкдан ўзини ташламоқчи бўлган ёш қиз қутқариб қолинган. 

Маълум бўлишича, қиз 2002 йилда туғилган С.Р. бўлиб, у оила аъзолари билан ўзаро зиддият туфайли шу ишга қўл урган. 

Ўқувчи қизнинг ҳаёти хизмат вазифасини бажараётган ҳарбий хизматчилар Д.Жакбаров ва А.Қурбоновлар томонидан ўз вақтида сақлаб қолиниб, РШТЁИМ Қарши филиалига етказилган ва тиббий текширув ўтказилганда, унда ҳеч қандай тан жароҳатлари аниқланмаган. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар берди. 

Шу каби ҳолат 3 февраль куни тахминан соат 14:50 ларда ҳам кузатилган: 2000 йилда туғилган, вақтинча ишсиз фуқаро А.Х. қўлида бўлган шиша синиғини ўзининг бўйин ва қорин соҳаларига санчиб олиб, ўзини дарёга ташлаган. 

Юз берган воқеани кўрган ободонлаштириш бошқармаси ишчиси Ш.Мирзаева дарҳол шу ҳудудда хизмат вазифасини бажараётган Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари О.Рахматов ва А.Усмоновларга хабар берган.

Ўз ўрнида ҳарбий хизматчилар зудлик билан фуқаро А.Х.ни сувдан қутқариб чиқиб, унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатганча, РШТЁИМ Қарши филиалига етказган. Тиббиёт ходимлари томонидан фуқаро А.Х.га тез- тиббий ёрдам кўрсатилиб, жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Ҳозирда унинг аҳволи қониқарли даражада. Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан суриштирув ишлари бошланган.

“Содир этилган ҳодисаларнинг “қаҳрамонлар”и ёшлар экани одамнинг дилини хира қилади. Ҳали неча баҳорни қарши олди-ю, ҳаётнинг оғир заҳматини ўз бўйнига олгандек, сўнгги чора сифатида ҳаётдан кўз юмишни афзал кўрди? Ёшларни номақбул йўллардан қайтаришда ҳар биримиз маълум даражада ҳисса қўшмоғимиз даркор. Унутманг, ўз жонига қасд қилиш ‒ сўнгги чора эмас”, дейилади Миллий гвардия хабарида.