Пангат - тоғлар бағридаги маскан

Самарқанд тупроғининг ҳар бир қаричи нафақат ер усти ва ер ости бойликларига кон, балки битмас-туганмас олис тарих, мозий бағридан сўзлайди.

Вилоятимизнинг энг олис, шу билан бирга, кўҳна тупроғи, бетакрор табиати, беқиёс тарихи, тилларда достон Эргаш Жуманбулбул ўғлидек бахшилар туғилган, Жўш отадай азиз зиёратгоҳлар бўлган Қўшработ тумани бугунги кунда ҳам кенгликлари, қир-адирлари, сойлари, баланд ва пурвиқор тоғлари билан илм ва қалам аҳлини ўзига жалб этиб, сеҳрлаб келмоқ­да. Айниқса, номлари ҳам, тарихи ҳам қадимий қишлоқларда бугунги кун нафаси билан яшаётган одамларининг ҳаёти, ўй-орзулари диққатимизни тортди.

Манбаларда келтирилишича, энг қадимий қишлоқ саналмиш Пангатнинг ёши уч асрдан ошмоқда. Бу қишлоқнинг табиати фусункор, тупроғи ҳалим, сувлари ширин, дарахтлари виқорли ва кўркам. 

- Қишлоқ Нурота тоғ тизмаси жанубий ёнбағрида жойлашган, - дея суҳбатимизни бошлайди кўп йиллик тажрибага эга ўқитувчи, «Пангат қишлоғи ҳақида тарихий–этнографик рисола» муаллифи Туроббой Ҳайитов. - Маҳобатли Қушхона, Гавхона ва Божғон чўққилари туманнинг деярли барча жойлари­да кўзга ташланади. Учаётган учоқлар сингари кўкка қад кўтариб, бу чўққилар кишига завқ беради, тоғлар симфонияси эса Пангат қишлоғининг кўркидир. Қоратов ва Оқтов оралиғи ўзаро «музбел» орқали туташган, бу оралиқдан қадимги карвон йўли ўтган бўлиб, туманимиз ҳудудидаги йўл ёқаларида қўш работлар қурилган. Қишлоғимиз ана шу музбел ва работлар яқинида жойлашган. 

Қишлоқнинг номига келсак, турли ривоятлар ва тахминлар бор. Энг аввало, қишлоқ чиндан ҳам баландликда, баҳаво масканда жойлашган бўлиб, уни баланд ва юқори қишлоқ деб аташган. Бошқа томондан, Пангатда 82 нафар авлиё ўтганлиги нақл этилиши назарда тутилиб, «Авлиёлар макони» сингари тахминлар ҳам мавжуд. 

- Қишлоғимиздаги тоғ табиий иқлим шароитига, ажойиб флора ва фаунага эга, - дея суҳбатга қўшилади ёш ижодкор ўқитувчи Валижон Қаҳрамонов. - Тоғ дарахтлар, буталар, ёввойи бодом, доривор ўсимликлар билан қопланган. Бу ерда юртимизда учрайдиган ўсимликларнинг 1500 дан зиёд тури бор. ЮНEСКОнинг «Нурота-Қизилқум резервати» шу тоғда жойлашган бўлиб, бу қўриқхонада мавжуд биохилма-хилликни сақлаб қолиш, экотуризмни ривожлантириш назарда тутилган. Пангатда 666 та катта-кичик дара ва жилғалар тоғ чўққиларидан бошланиб, иккита катта сойга қуйилади. Бу икки сой Пангат маркази Қўрғон қишлоғидаги масжид ёнида бирикиб, Пангатсой мавсумий дарёсини ҳосил қилади. Қишлоқ баландликда жойлашгани учун унинг турли нуқталаридан Жўш, Оқтов, қўшни Пайариқ тумани, Ҳайдаркўл ҳам кўриниб туради, шимолдан Нурота тумани билан чегарадош. 

- Айни пайтда маҳалла аҳолиси 2122 нафарни ташкил этади, - дейди Пангат маҳалласи раиси Алишер Тўлаганов. – 587 оила мавжуд. Аҳоли асосан чорвачилик ва боғдорчилик билан шуғулланади. Маҳаллада ёшларни иш билан банд этиш мақсадида тадбиркорларимиз томонидан тилга олса арзигулик ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ички туризмни ривожлантириш йўналиши бўйича ишларнинг кўлами кенг. Қишлоғимизнинг сўлим табиати ва шифобахш сувлари, танга даво ҳавоси­нинг шарофати билан бугунгача 30 га яқин дам олиш масканлари очилди. Аҳоли яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида 4 километрлик тупроқ йўллари­миз шағаллаштирилди, янги кўприк ва сув иншооти одамларимиз­нинг узоғини яқин, оғирини енгил қилмоқда. Пангатнинг маркази Қўрғон қишлоғи ҳисобланади. Аҳолига айни пайтда иккита мактаб, 6-МТМ, оилавий шифокорлик пункти хизмат кўрсатмоқда.

- Мана шу бетакрор табиат менда ҳам ички туризм йўналиши бўйича Пангат туризм масканларини очиш орзусини уйғотди, - дейди  ёш тадбиркор Ваҳобжон Дўсатов. - Бу ерда ҳар бир фасл ўзига хос чирой очади. Айниқса, баҳор ва ёз фасллари дам олувчиларни кўпроқ бағрига чорламоқда. Тадбиркорликни 2016 йилда бошладим. 2019 йилда вилоят ҳокимининг қабулида бўлдим, ҳокимлик мени қўллаб-қувватлади. Ички туризмни ривожлантириш  режаси бўйича кредит олишимда йўл-йўриқ кўрсатиб, яқиндан кўмаклашди. Ҳозирги пайтда масканда 20 та мавсумий дам олиш жойлари, 2 та лагерь фаолият кўрсатмоқда. Яна 10 та меҳмон уйлари, санатория қуриш режа­миз бор, бизда имконият кўп. Агар улардан оқилона фойдаланилса, маҳаллада яшов­чиларнинг 80 фоизи иш билан таъминланиши мумкин. Хусусан, қишда чанғи учиш, ёзда доривор ўсимликларни йиғиш, қуритиш ва қадоқлаш, уларни экспорт қилиш, сув чиқмайдиган тоғ ёнбағирларига мотор билан сув чиқариб, мевали дарахтлар экиб, боғ яратиш, шубҳасиз, аҳоли ҳаётининг янада тўкинлигини таъминлайди. 

Дарҳақиқат, туризм ўз навбатида, экологияни яхшилаш, туристик маконларни кўпайтириш, шунингдек, халқ амалий санъати – каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, кулолчиликни ривожлантиришга ҳам олиб келади. Бунинг учун айнан Пангат қишлоғида табиий шарт-шароитлар бисёр. 

- Қишлоқдаги «Ғойиб ота-Қўрғон» жоме масжиди тарихининг илдизи чуқур. Унинг қайта қурилиши 1860-1864 йилларга тўғри келади, - дейди жоме масжид имом хатиби Собир Тўхташев. – Бу даргоҳ маҳалламиз марказидаги икки сой қўшиладиган тепалик устида жойлашган бўлиб, тўрт томони очиқ, баҳаво. 400 йиллик тарихга эга масжидимиз давлат муҳофазасига олинган бўлиб, 2012 йилда  тарихий обида сифатида маданий мерос рўйхатига киритилган. Боболаримиз қўли ва қалб қўри билан қурилган бу масжид  ўтган замонларда мадраса вазифасини ўтаган. 

Ойгул СУЮНДИҚОВА.