Париж шаҳри кўчаларидан бирига Самарқанд номи берилди

Шу йил 11-13 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга расмий ташрифи икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларни янги босқичга олиб чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон Ўзбекистон – Франция муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалаларини юзма-юз ва делегациялар иштирокида атрофлича муҳокама қилди. Унда саноат, иқтисодиёт, таълим, туризм ва бошқа кўплаб соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари келишиб олинди.
Музокаралар якунида давлат раҳбарлари икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида тарихий қарорга келди. Албатта, мазкур қарор ҳар иккала мамлакат манфаати, халқларимиз истиқболи учун хизмат қилади.
Ташриф доирасида мамлакатимиз раҳбарини Франция Республикасининг олий мукофоти – Фахрий легион ордени билан тақдирланиши муҳим тарихий воқеа бўлди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур орден 1802 йилда таъсис этилган бўлиб, Францияда ушбу орден алоҳида хизматларнинг давлат даражасида эътироф этилиши ва шон-шарафнинг энг юқори белгиси ҳисобланади. Шунингдек, ташриф давомида Париж шаҳри кўчаларидан бирига Самарқанд номининг берилди.
Ўзбекистон Президенти икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун ушбу орденга сазовор бўлгани ҳамда Париж шаҳри кўчаларидан бирига Самарқанд номининг берилгани қалбимизни ифтихорга тўлдирди. Мамлакатимиз раҳбарининг олиб бораётган ташқи сиёсати, хорижий давлатлар билан ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари мамлакатимиз халқ хўжалигининг барча жабҳалари қатори таълим соҳаси истиқболи учун ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Халқаро муносабатлар тизимидаги бундай расмий ташрифлар фақат давлат раҳбарларининг учрашуви билан чегараланмаяпти. Илм-фан ва таълим вакилларининг ҳамроҳлиги ҳамкорликнинг самарали ташкил этилишини таъминламоқда. Натижада таълим тизимида юксалиш кўзга ташланиб, салоҳиятли кадрлар тайёрлаш давлатларнинг умумий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Ташриф доирасида Париж шаҳрида ташкил этилган “Илм-фан ва таълим: Ўзбекистон – Франция кўприги” мавзусида қўшма конференцияда ҳар иккала мамлакатнинг 30 га яқин олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этди.
Мазкур анжуманда Франциянинг француз тилини ўқитиш инновацион методик Маркази (KOKORO Lingua) таъсисчиси ва директори Натҳалие Лесселин хоним билан таълим соҳасида ҳамкорлик бўйича музокара ўтказдик.
Музокараларда нафақат СамДЧТИда, шунингдек, Ўзбекистондаги мактабгача таълим ташкилотларида француз тилини ўқитишни ривожлантиришда инновацион методларни жорий этиш бўйича ҳамкорлик олиб боришга келишилди. Музокаралар натижасида Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳамда Франциянинг француз тилини ўқитиш инновацион методик Маркази ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди.
Шунингдек, институтимиз делегацияси Франциянинг Пол Валери номидаги Монпеле университети фаолияти билан танишиб, Монпеле университети ректори Анне Фраиссе хоним билан ҳам музокаралар олиб борди. Учрашув чоғида иккала таълим муассасаси ўртасида илм-фан ва таълим соҳасида ҳамкорликда ишлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди.
Юқорида таъкидланганидек, бугунги кунда таълим ва илм-фан ривожини халқаро ҳамкорликсиз тасаввур этиб бўлмайди. Глобал билимлар алмашинуви, халқаро тажрибалар ўзлаштирилиши ҳар бир олий таълим муассасасининг стратегик йўналишига айланган. Айниқса, чет тиллар таълими соҳасида дунёнинг етакчи олийгоҳлари билан ўрнатиладиган академик алоқалар профессор-ўқитувчиларимиз ва талабаларимизнинг малакасини ошириш, ўқитиш методикаларини инновацион ёндашувлар билан бойитиш ҳамда илмий-тадқиқот ишлари сифатини яхшилашда катта аҳамият касб этади.Айни пайтгача Самарқанд давлат чет тиллар институти Франциянинг етакчи университетлари – Пуате университети, Қуйи Нормандия Кан университети, Сорбон университети, Лиён – 2 университети, Сержи-Понтуаз университети, Париж академияси ва бошқа олий таълим муассасалари билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйган. Бу алоқалар нафақат ўқув жараёнига инновацион ёндашувларни жорий этиш, балки талабаларнинг халқаро миқёсда билим олиш имкониятларини кенгайтириш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, илмий лойиҳаларни йўлга қўйиш имконини бермоқда.
Баҳодир Холиқов,
Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори.