Париждаги масжидга номаълум шахс томонидан ҳужум уюштирилди

Кеча, якшанба куни кечқурун Парижнинг шимолий-шарқида жойлашган масжид ҳудудида қуролланган номаълум шахс томонидан фуқарога ҳужум уюштирилди. Отишма оқибатида бир киши жароҳатланди, деб хабар берди BFMTV телеканали.

Манбанинг телеканалга берган маълумотига кўра, соат 20.00 (Тошкент вақти билан 00.00) атрофида номаълум шахс 19-округда жойлашган масжид ҳовлисига кирган ва бошқа шахсга қарата ўқ узган. Шундан сўнг у мотороллерга миниб, номаълум томонга кетган. Унинг қаердалиги номаълумлигича қолмоқда. Маълумотларга кўра, отишма вақтида у мотоцикллар учун мўлжалланган ҳимоя шлемида бўлган. Шу сабабдан унинг юзи кўринмаган.

Айни вақтда жароҳатланган шахснинг ҳаётига ҳеч нарса хавф солмаяпти. Франция ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари ходимларининг фикрича, масжид ҳовлисида содир бўлган отишмага иккала шахснинг шахсий келишмовчилиги сабаб бўлган бўлиши мумкин.