Паркинсон касаллигини “чип” ўрнатиш йўли билан даволаш йўлга қўйилди

Паркинсон касаллиги ҳозирги замон нейрохирургия ва неврологиясининг энг долзарб муаммоларидан бири бўлиб, дунёда ҳар 1000 одамдан 1-3 тасида (0,1-0,3фоиз) кузатилади.

Мамлакатимизда ҳам ушбу касаллик билан касалланганлар сони ортмоқда.

Самарқанд давлат тиббиёт университети қошидаги Нейрохирургия ва нейрореабилитация илмий-амалий марказида Туркиянинг Медичал Парк клиникаси профессори Саид Ўзтурк иштирокида мамлакатимизда биринчи марта янги жарроҳлик даволаш усули йўлга қўйилди.

Паркинсон касаллигини хирургик даволашда 5 йилдан бери ушбу касаллик билан оғриб келаётган 63 ёшли беморнинг бош қисмига “чип” ўрнатиш орқали операция муваффақиятли амалга оширилди.

Ушбу мураккаб технологияли операция мамлакатимиз нейрохирургиясида паркинсон касаллигини хирургик йўл билан даволашдаги илк қадам бўлди.