Парламент депутати ўз округидаги ҳолатни ўрганяпти
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Елена Компольщик Самаркандда сайловчилар билан туркум учрашувлар ўтказмоқда.
Депутат дастлаб 1952 йилда 525 ўринга мўлжаллаб қурилган 8-мактабда бўлди. Маълум бўлишича, мактабда 2019 йил капитал таъмирлаш ишлари олиб борилган. Айни пайтда 755 ўқувчи таҳсил олаётган мактаб педагог-ходимлари билан суҳбатда муассаса ҳудудига аҳоли хонадонлари жуда яқин жойлашганлиги таълим-тарбия жараёнига таъсир кўрсатаётгани, баъзи ноқулайликлар юзага келаётганлиги билдирилди. Шу боис педагоглар мактаб ҳудудини девор билан ўрашда амалий ёрдам сўради.
Депутат навбатдаги манзил - Самарқанд шаҳридаги 1983 йилда қурилган, 1572 бола ўқиётган 64-мактаб таъмирга муҳтожлиги, марказлашган канализация тизими йўқлигига гувоҳ бўлди.
Е.Компольщик муаммолар эътибордан четда қолмаслигини, ваколати доирасида зарур чоралар кўришини сайловчиларга маълум қилди.
57-Суғдиёна сайлов округидан сайланган депутат байрамдан олдин маҳсулотлар нархини оширишга йўл қўймаслик, нархларнинг барқарорлигини таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар ижроси билан танишиш, бозорда санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш ҳолатини ўрганиш мақсадида “Темир йўл деҳқон бозори”да бўлди.
Бу ердаги савдо-сотиқ жараёнлари билан танишган Е.Компольщик “Темир йўл деҳқон бозори” МЧЖ раҳбари Ғайрат Акобировга зарур тавсия ва таклифларини билдирди.
“Адолат” СДП вилоят кенгаши ахборот хизмати.