Паррандачилик кластери ташкил этилади. Маҳсулот экспортга чиқарилади

Шунингдек, соҳага инвестиция жалб этиш орқали парранда маҳсулотлари ва чиқиндиларини чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли парранда маҳсулотларини ишлаб чиқариш, илмий-диагностика лабораториялари ташкил қилиш орқали паррандаларда касалликлар эрта аниқланиб, олди олинади. Озуқа базасини кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи озуқа ва витаминларни ишлаб чиқариш, паррандачилик соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жорий этилади. 2019 йилдан бошлаб ҳар йили сентябрь ойида паррандачиликка оид кўргазма ўтказилади.

Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш ва вилоятда паррандачиликни янада ривожлантириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соҳага илғор технология ва инновацион ишланмаларни жорий этиш, парранда маҳсулотларини қайта ишлашни чуқурлаштириш, уларнинг турлари ва экспорт кўламини кенгайтириш мақсадида 2018 йил 17 ноябрда вилоят ҳокимининг ҳам қарори қабул қилинди.

Ҳозирда вилоятимизда қарийб 11 миллион бош парранда боқилаётган бўлса, улардан 1 миллион 400 мингдан ортиқ тухум (114,3 минг дона наслли тухум) 25 минг тонна парранда гўшти олинади, – дейди вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бош мутахассиси Шаҳбоз Раҳматов. – Қарор асосида 2019 йил 1 февралгача салоҳиятли тадбиркорларни молиялаштириш манбалари ва ер майдонларини аниқлаб, 2019-2021 йилларда паррандачилик кластерларини ташкил этиш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳага кўра, Самарқанд туманида режалаштирилган паррандачилик кластерида 4 та парранда сўйиш цехи, 2 тадан гўшт маҳсулотлари ва парранда чиқиндиларини қайта ишлаш ҳамда парранда учун тўла қийматли омухта ем ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилади. Уларнинг озуқага бўлган талабини қондириш мақсадида вилоятнинг 14 туманида буғдой ва маккажўхори етиштириш учун жами 26 минг 108 гектар ер майдони ажратилади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 9 тумандан 6058 минг долларлик маҳсулот экспортга чиқарилади. Шунингдек, дастур асосида 2019 йил якунига қадар вилоятда 11 та лойиҳа доирасида парранда сонини 1 миллион 309 минг бошга кўпайтириш  режалаштирилган.