Паст Дарғомдаги боғчалар куз-қиш мавсумига 1 октябргача тайёр бўлади(ми?)

Шу мақсадда туман ҳокими Ш.Худайбердиев тегишли мутасадди раҳбарлар билан тумандаги мактабгача таълим ташкилотларида бўлиб, ҳақиқий аҳволни ўрганди.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, 24-мактабгача таълим ташкилоти биносининг том қисми яроқсиз ҳолга келиб қолган. Бошқа муассасаларда ҳам иситиш тизими, бинонинг пол қисми, ёқилғи захираси билан боғлиқ бир қатор муаммолар борлиги аниқланди. Бундан ташқари, аксарият болалар боғчаларининг ҳовлисида ёмғир-қор сувлари тўпланиши, йўлакчалар бетон қилинмагани болаларга ноқулайликлар туғдирмоқда.


Табиий савол туғилади, қиш-қировли кунлар эшик қоқаётган бир пайтда бундай камчиликларни зудлик билан бартараф этиш ишлари нега пайсалга солинган? Туман ҳокими муайян ишлар бошланган бўлса-да, бу етарли эмаслиги, таъмирлаш ишларини янада жадаллаштириш лозимлигини қайд этди.

Дарҳақиқат, ижтимоий объектларнинг иссиқлик тизимини таъмирлаш учун 20 минг метр қувур, 125 дона қозонхона жиҳозлари ва бошқа зарур қурилиш ашёлари келтирилиб, жойларда таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган.

Туман ҳокими бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириш, аслида арзимас кўринган муаммоларни ҳам эътибордан четда қолдирмаслик зарурлигини билдирди. Ижтимоий соҳа объектлари, хусусан, мактабгача таълим ташкилотларини 1 октябрь ҳолатига куз-қиш мавусига шай ҳолга келтириш бўйича масъул раҳбарларга топшириқлар берди.