Паст Дарғом ва Пайариқда ноқонуний ер сотмоқчи бўлган шахслар ушланди

Кейинги пайтда ноқонуний ер савдоси билан боғлиқ ҳолатлар фош этилиб, бу ишга қўл урганлар белгиланган тартибда жазоланаётган бўлса-да айримлар бундан хулоса чиқармаяпти.

Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда иккита ана шундай ҳолат қайд этилди.

Аниқланишича, Паст Дарғом туманида яшовчи, 1973 йилда туғилган О.Ж. ўзига фойдаланиш учун топширилган, деҳқон хўжалигига тегишли бўлган 1 гектар ер майдонини маҳаллий фуқарога 90 минг АҚШ долларига сотишини билдириб, ундан келишилган суммадан 40 минг АҚШ долларини олдиндан беришни талаб қилган.

Ўтказилган фаол тадбир давомида О.Ж. маҳаллий фуқародан ушбу пулни олаётган вақтида жиноят устида қўлга олинди.

Иккинчи ҳолатда Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро балиқчилик хўжалиги ташкил қилиш учун ер майдони излаганда “OLX” электрон дастурида балиқчилик қилиш учун қулай бўлган 1,2 гектар ер майдони сотилиши ҳақидаги эълонга кўзи тушади. Ушбу ерни қўлдан бой беришни хоҳламаган фуқаро уни сотувга қўйган “Ш” исмли шахс билан боғланади. Суҳбат жараёнида ер майдони Пайариқ туманида фаолият олиб бораётган “Кўпаки олтин балиқлари” фермер хўжалигига тегишли эканлиги маълум бўлади. Бироқ “Ш” туман ҳокимлиги ва давлат хизматлари марказида ишловчи танишлари орқали ерни сотиб олган шахс номига расмийлаштириб бера олишини айтиб, бунинг эвазига 17 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Тезкор тадбирда чоғида Пайариқ туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган Ш.А. амакиси Ш.О.га тегишли фермер хўжалиги балансида бўлган 1,2 гектар ер майдонини талабгорга 17 минг АҚШ долларига сотишни режалаштириб, келишилган пулнинг 10 минг АҚШ долларини олаётган вақтида қўлга олинди.

Тадбир давом эттирилиб, тумандаги овқатланиш шохобчаларининг бирида 1964 йилда туғилган фуқаро Ш.О. маҳаллий фуқаро билан келишилган пулнинг 10 минг АҚШ долларини "мижози"дан аванс сифатида олаётган вақтида ушланди.

Ҳозирда иккала ҳолат юзасидан жиноятга қўл урганларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши кўзғатиш режалаштирилмоқда.