Паст Дарғомда 17 киши жанжаллашган. Жанжал иштирокчилари орасида аёллар ҳам бор
25 апрель куни соат 19:00 ларда 51 ёшли М.Баҳодир бошқарувидаги “Lasetti” русумли автомашинасини Паст Дарғом тумани “Ровот-Боғонали” автомобиль йўли йўналиши бўйлаб бошқариб борган.
Ровот қишлоғининг ички йўлига қайрилган вақтида, унинг орқа томонидан ҳаракатланиб келаётган “Lasetti” русумли автомашина ҳайдовчиси 22 ёшли А.Миржалол ва унинг йўловчилари Р.Урал, А.Талъат, А.Фирдавслар ҳайдовчи М.Баҳодирга автомашинани нотўғри бошқариб, уларни автомашинасини қисиб юборганлигини айтиб, ҳақорат қилади.
Оқибатда Ровот-Боғонали қишлоғида яшовчи 17 нафар фуқаро ўртасида жанжал келиб чиққан.
Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, ушбу жанжалда иштирок этган 17 нафар фуқародан 15 нафари турли кўринишдаги тан жароҳатлари олганликлари, улардан 3 нафари аёл киши эканлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Паст Дарғом тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари давомида ушбу жанжалнинг келиб чиқиш сабаблари, айбланувчилар доираси аниқланиб, ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, ҳозирда тергов давом этмоқда.