Паст Дарғомда паст навли пилла хом ашёсидан сифатли маҳсулотлар тайёрланмоқда
Паст Дарғом туманида "Элбек ТРЖ" МЧЖ пиллани қайта ишлаш корхонаси фаолият бошлаганига ҳали кўп вақт бўлмади. Жорий йил корхона 272 тонна пиллани қайта ишлаш ҳисобига Эрон, Хитой давлатларига 945 минг АҚШ долларлик маҳсулот экспорт қилди.
- Аввало, асосий эътиборни сифатли пилла етиштиришга қаратяпмиз, - дейди корхона раҳбари Э.Раҳмонов. - Эрта баҳорда Хитой давлатидан келтирилган 650 минг туп тут кўчатлари экдик. Айни кунларда яна 450 минг туп кўчат ўтқазиш ишлари олиб борилмоқда. Агрономларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан бугунги кунда япалоқ баргли тут кўчатларини ўзимизнинг иқлим шароитимизда кўпайтиришга киришганмиз. Бу келгусида янада кўпроқ пилла етиштириш учун асосий озуқа манбаси ҳисобланади. 2020 йилдан корхонамизда тайёрланаётган ипак калавалардан мато ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз.
Корхонада чет эл тажрибаси асосида шу пайтгача чиқинди ҳисобланиб келинган паст навли пилладан ҳам маҳсулот тайёрланмоқда. Бунинг учун яқинда Хитой давлатидан 4 та дастгоҳ олиб келиб ўрнатилди. Айни пайтда дастгоҳларда қайта ишланган хомашёдан момиқ матолар ишлаб чиқариляпти. Келгусида момиқ матолардан юмшоқ тўшаклар тайёрлаш режалаштирилган.
Корхонада 110 нафар киши иш билан таъминланган.
Бахтиёр ШУКУРОВ.