Паст Дарғомдаги мактаблар нега иситилмаяпти?
Вилоят ҳокимининг фармойиши билан Самарқандда ижтимоий соҳа объектлари ҳамда тураржой биноларини иситиш мавсуми жорий йилнинг 10 ноябридан бошланган. Аммо айрим ҳудудларда ҳалигача куз-қиш мавсумига тайёргарлик тўлиқ якунланмаган ёки ишлар номигагина бажарилган.
Паст Дарғом туманидаги мактаблар ва спорт объектларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати билан танишиб, бунга амин бўлдик.
Яқинда вилоят ҳокими таълим соҳаси мутасаддилари билан ўтказилган учрашувда мактабларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ҳолатини танқид қилиб, Нурободдаги 19 та, Паст Дарғомдаги 10 та, Каттақўрғон туманидаги 5 та таълим муассасасини қишга тайёрлаш ва таъмирлаш ишлари якунига етказилмаганини таъкидлаган эди.
Паст Дарғом тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими маълумотларига кўра, тумандаги 128 та умумий ўрта таълим мактабининг тўрттаси газ билан, 124 таси кўмир билан иситилмоқда. Мавсум олдидан мактабларнинг иссиқлик тизими ўрганилиб, 4239 тонна кўмир тарқатилган. Эҳтиёжга қараб яна қўшимча кўмир берилиши ҳам режалаштирилган.
Бу маълумотлардан тумандаги мактабларда иситиш тизими бўйича муаммо йўқдек. Аммо...
Туманнинг Самарқанд маҳалласида жойлашган 21-умумтаълим мактабида 2 минг нафардан зиёд ўқувчи ўқийди. Муассасадаги 16 та қозон газ билан иситишга мўлжалланган бўлиб, 60 тонна кўмир берилган.
- Иссиқлик тизими газлашган мактабни кўмир билан иситиш учун қозонлар алмаштирилмади, - дейди мактабда вақтинчалик директор вазифасини бажарувчи М.Ойматов. – Тизимдаги носозлик бартараф этилгунга қадар мактабни газ билан иситишга рухсат берилган эди. Аммо мактаб газ билан ҳам, кўмир билан ҳам иситилмаяпти ва дарслар совуқ хоналарда ўтилмоқда. Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг газдан қарзи борлиги сабабли мактабда газ узиб қўйилган ва иситишга ҳам рухсат берилмаган.
Туманнинг Пўлатчи маҳалласидаги 28-ИДУМда 550 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Муассаса газ билан иситишга мўлжалланган, аммо босим пастлиги сабабли ўқув хоналари ҳаминқадар иситиляпти. Спорт залининг иссиқлик тизими тўлиқ ишдан чиққан. Бунинг устига мактабда спорт жиҳозлари етишмайди, бор-йўғи учта спорт туридан тўгарак ўтилмоқда.
Ушбу маҳаллада жойлашган 125-умумтаълим мактаби ҳам иситилмаяпти.
- Мактабимиз 2022 йилда фойдаланишга топширилган, - дейди мактаб директори Сурайё Аҳмедова. – Ҳозирда 1170 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мактабимиз газлашган эди, жорий йил кўмир билан иситилиши айтилиб, газ ўчирилди ва 40 тонна кўмир берилди. Лекин иситиш тизими кўмирга мослашмаганлиги учун хоналарга иссиқлик етказиб бўлмаяпти.
Туманда 397 та спорт иншооти бор. Шундан иккитаси спорт мактаби бўлиб, 2270 нафар ўғил-қиз машғулотларда қатнашади. Терма жамоанинг асосий таркибида 18 нафар, захирада 36 нафар спортчи бўлиб, мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон чемпионатида 123 та, жаҳон чемпионати ва халқаро мусобақаларда 9 олтин, 4 та кумуш, 2 та бронза медалини қўлга киритган.
- Муассасамизга қарашли учта спорт базаси бор, - дейди тумандаги 1-сон спорт мактаби директори Соҳиб Мамасолиев. – Уларни иситиш учун жорий йил 30 тонна кўмир берилди. Иншоотларнинг иккитаси таъмирталаб. 2014 йил Бўстон маҳалласида қурилган сув ҳавзасида сувнинг ўзи йўқ ва иситиш тизими умуман ишламайди. Ушбу сув ҳавзаси 2021 йилгача газ билан иситилган ва 331 миллион сўмдан зиёд қарздорлик борлиги учун узиб қўйилган. Айни пайтда базани иситиш учун кўмирга мослаб таъмирлаш керак. Шунингдек, Олмазор маҳалласида жойлашган спорт базаси ҳам тўлиқ таъмирга муҳтож. Иншоотларни ва иссиқлик тизимини таъмирлаш бўйича жорий йил вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси ҳамда туман ҳокимлигига мурожаат қилдик ва дастурга киритиш чоралари кўрилиши маълум қилинди.
Туманнинг Олти қаҳрамон маҳалласида жойлашган 2-сон спорт мактаби 2018 йилда қурилган бўлиб, универсал спорт залига эга ва барча шароит яратилган. Спорт мактаби директори Фаррух Хайриддиновнинг айтишича, маҳаллада “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” тизими асосида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари доирасида воркаут спорт майдончаси фойдаланишга топширилган. Муассаса ҳудуди ободонлаштирилиб, 200 дан зиёд мевали ва манзаралари дарахат кўчатлари ўтқазилган.
Жорий йилдан таълим муассасаларида иссиқлик тизимини яхшилаш мақсадида иситиш қозонхоналарини газдан кўмирга ўтказиш чоралари кўрилмоқда. Аммо газлашган мактабларнинг қозонхоналарини кўмир билан иситишга мослаштирилмасдан мактабларга кўмир тарқатилган ва газ узиб қўйилган. Оқибатда мактабларни иситиб бўлмаяпти ва ўқувчи ҳамда ўқитувчилар совуқ хоналарда ўтиришга мажбур бўлмоқда. Газдан кўмирга ўтказилган мактабларга тарқатилган тонналаб кўмир ҳали очилгани ҳам йўқ. Масъуллар буни қандай изоҳлайди?
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.