Пастдарғомлик бўлсангиз ҳам Тошкентдан уй олишингиз ва доимий рўйхатда туришингиз мумкин

- Паст Дарғом тумани Жума шаҳрида яшайман. Иш фаолиятимни Тошкент шаҳрига кўчирмоқчиман. Шунинг учун янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан бир квартира сотиб олмоқчиман. Бунинг учун менга прописка масаласида муаммо бўлмайдими? Пропискамни Тошкент шаҳрига қўйиш учун қайси идорага мурожаат қилишим керак?

А.Тоштемиров.

- Президентимиз шу йил 13 майда имзо чеккан “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун аҳолимиз олдидаги ички миграция бўйича чеклов ва тўсиқни олиб ташлади. Энди Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида яшашидан қатъий назар Тошкентдан уй сотиб олган фуқаро учун прописка талаб қилинмайди. Жумладан, сиздан ҳам.

Шунингдек, ушбу қонунга кўра, янги уйларни сотиб олганда давлатга қўшимча тўланадиган шартнома нархидан 5 фоиз миқдоридаги ставка ҳам бекор бўлди. Яъни, шу йил 20 май куни қабул қилинган “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” қонунга кўра, Ўзбекистонда доимий яшовчи ва республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган жисмоний шахслар томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида янги қурилган кўчмас мулк сотиб олинганда мол-мулкнинг олди-сотди шартномаларини тасдиқлаганлик учун шартнома суммасининг 5 фоизи миқдордаги давлат божининг алоҳида ставкаси чиқариб ташланди.

Пропискага қўйиш билан боғлиқ саволингизга келсак, бу иш, яъни рўйхатга олиш фуқаронинг хоҳишига кўра ички ишлар органлари, давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали бир кун ичида амалга оширилади. Шунингдек, 2020 йил 1 сентябрдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб эса Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятларда ҳам “Ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматлари агентлиги бўлимлари томонидан пропискага қўйиш тизими жорий этилади.

Ш.Рўзиназаров,

Паст Дарғом туман адлия бўлими масъул ходими.