Пастдарғомлик ва Самарқанд туманида яшовчи ёшларни нималар қийнаяпти?

Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи А.Ахмедов иштирокида Паст Дарғом ва Самарқанд туманларида ўтказилган “Раҳбар ва ёшлар учрашуви”да ана шу саволларга жавоб изланди.

Учрашувда ёшлар имтиёзли кредитлар олиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, тиббий кўрик, спорт анжомлари ва спорт майдончалари қуриш, IT ва ўқув марказлари ташкил қилиш, шунингдек, ўзлари яшаётган ҳудудда ичимлик суви ҳамда электр энергиясидаги муаммолар юзасидан мурожаат қилди.

Жумладан, Паст Дарғом тумани Қозоқ Найман маҳалласи ёшлари шуғулланиш учун спорт анжомлари сўради ва бошқарма бошлиғи буни шахсан ўзи етказиб беришини ваъда қилди. Истиқлол маҳалласи ёшлар етакчиси И.Маҳмудова эса туманда рассомликка ихтисослашган марказ ташкил қилиш таклифи билан чиқди. Бу масалани ҳал қилиш юзасидан туман мутасаддиларига тегишли кўрсатмалар берилди.

- Маҳалламизда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида компьютер маркази очишда ва субсидия асосида компьютер жиҳозлари олишда амалий ёрдам сўрадим, - дейди Самарқанд тумани Конигил маҳалласида яшовчи Лазизжон Исломов. -  Таклифим маъқулланди ва умумтаълим мактабларида ҳам мазкур ўқув маркази фаолиятини юритиш, бунинг учун профессионал IТ ва инглиз тили ўқитувчиларини жалб қилиш қўллаб-қувватланди.

Раҳбарлар учрашувга келган ёшларнинг мурожаат ва таклифларини эшитди. Ҳар бир мурожаат эътиборга олиниб, ёшларни қийнаб келаётган масалаларга тегишли идоралар масъуллари билан биргаликда ечим топилди ва аниқ вазифалар берилди.