Патент олинган ихтиролар, фойдали моделлар Давлат дастурлари асосида мақсадли молияланиши керак. Чунки яхши ихтирони жорий этишга олимларнинг саъй-ҳаракати, маблағи етарли эмас

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 31 январь куни Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига ташриф буюриб, олимлар, ёш тадқиқотчилар, ишлаб чиқариш вакиллари ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари билан учрашди.

Юртбошимиз таъкидладики, олимлар тадқиқот ишларининг амалий натижаси - ихтиролар, фойдали моделларга патент олиниши билан якунига етади. “Интеллектуал мулк” кўптармоқли, кўп мезонли тушунча бўлиб, Европа ва ривожланган давлатларда бу соҳани бошқариш бир корхона ва патент эгаси доирасида эмас, балки иқтисод ривожига олиб келадиган давлат қарорлари ва давлат дастурларини қабул қилиш асосида юритилади. Жаҳоннинг илғор мамлакатлари икки асрдирки, патент ва бизнес ҳамкорлигини йўлга қўйиб, инсон ҳаёти ва турмуш тарзини яхшилашга эришди.

Қуйида ушбу долзарб соҳада бир неча йиллар раҳбарлик лавозимида ишлаган Бахтиёр ОМОНОВнинг интеллектуал мулк тизимининг бугуни ва келажаги ҳақидаги фикрлари билан танишамиз.

Ихтиролар, технология ва тижорат сирлари, компьютер дастурлари, дизайнерлик ишланмалари, товар белгилари – интеллектуал мулкнинг объектлари дунёда моддий активлардан кам баҳоланмайди, балки айрим ҳолларда улардан анчагина юқори туради.

Умумжаҳон саноат ишлаб чиқаришининг йиллик ўсиш суръатлари 2,5-3 фоиздан ошмайди, интеллектуал мулкга бўлган ҳуқуқлар билан савдо қилиш ҳажми эса йилига 12-14 фоизга ўсмоқда. Ушбу ҳолат янги ғоялар, кашфиётлар ва ихтиролар нафақат уларнинг яратувчиларига, балки бутун жамиятга наф келтиришини исботлайди.

Шу сабабдан давлат томонидан бериладиган ягона монопол ҳуқуқ - бу интеллектуал мулк объекти эгасининг ундан фойдаланиш ва тасарруф этишга бўлган мутлақ ҳуқуқи ҳисобланади.

Моҳияти жиҳатидан патент – янгилик сирининг тўлиқ очиб берилиши ва белгиланган миқдордаги патент божи тўланиши эвазига давлат томонидан унинг муаллифига ихтирога бўлган ҳуқуқларини муҳофаза қилиш кафолати бериладиган шартномадир.

Бунда жамият янгилик яратувчи ҳуқуқини қонуний расмийлаштириш эвазига ижодий маҳсулидан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритади. Жаҳон тажрибасининг гувоҳлик беришича, патент фаоллиги кўрсаткичи давлат иқтисодий қудратининг билвосита кўрсаткичи ҳисобланади.

Ривожланган давлатлар, жумладан, АҚШ, Европа иттифоқи (ЕИ) давлатлари, қарийб икки асрдирки, ихтирочилар, олимлар ва ишлаб чиқарувчиларнинг ўзаро ҳамкорлигини яхши йўлга қўйишга муваффақ бўлди. Бунда иқтидорли ихтирочилар билан давлат ўртасида икки томонлама манфаатли алоқанинг мавжудлиги ўзаро ишонч ва умид уйғотди.

Республикамизда гарчи, анча кеч бўлса-да, билим, инновацияга шарт-шароит яратиш ҳаракати бошланган. 2008 йилдан бошлаб Инновацион ғоялар, технологиялар кўргазмаси ўтказиб келинмоқда. Фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлиги механизми ишламаса, албатта, ўзга мамлакатлар ғояси ва технологиясига қул бўлиб қолиш эҳтимоли мавжуд.

 

Арзийдиган ихтиролар бўлса...

Инновация ва инновацион иқтисодга ўтиб олган АҚШ, Швеция, Франция, Италия, Германия, Япония, Буюк Британияда бу жараёнга киришиш узоқ давом этган.

Интеллектуал мулк ҳуқуқи халқаро майдонда 1883 йилда имзоланган Париж конвенцияси ҳужжати орқали тартибга солина бошлади. Конвенцияга 140 давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам аъзо бўлган.

Шуни қайд этиш лозимки, инновацион бизнес давлат, инвесторлар томонидан қўллаб-қувватланиб, давлат дастурисиз ҳам ривожланиши мумкин. Олимлар, ихтирочилар билан бизнес аҳли дунёқараши турлича бўлгани учун нарх-наволарда, шартномавий келишувларда юзлаб баҳоналар пайдо бўлади, албатта. Шунда агар арзийдиган ихтиролар бўлса, унга бошқалардан, четдан буюртма тушади.

Собиқ иттифоқ давридан мисол келтирадиган бўлсак, академик Раҳим Воҳидов раҳбарлигидаги “Коинот” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси техник ишланмаларига Россия коинот фазогирлари шаҳарчасидан буюртмалар берилган.

Физика-Қуёш илмий-технологик мажмуаси, Кибернетика ёки Автоматика илмий-тадқиқот институтларининг баъзи ихтиролари ва ноу-хауларига чет эллардан харидорлар катта қизиқиш билдирган.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, илмий ва ижодий фаолият, жумладан, ихтирочилик фаолияти анча фаоллашди. Бугунги кунга келиб, Интеллектуал мулк агентлиги томонидан 22 мингдан ортиқ товар белгилари, 10 минг ихтиро, 3,5 минг ЭҲМ учун дастурлар ва маълумотлар базалари, 2,4 мингта саноат намунаси, 1000 та фойдали модель давлат рўйхатидан ўтказилган.

Кейинги йиллардаги йирик инновациялар қаторида тиниқ суюқ тиббий-биологик объектларни рангли тасвирдаги микроскопик тадқиқ қилиш усулини кўрсатиб ўтиш мумкин. Бу инновация учун Фанлар академиясининг Электроника институтига патент берилди.

Эндиликда энг мураккаб ва муҳим таҳлилларни ҳатто оддий тиббий муассасаларда ўтказиш имконияти юзага келади. Пробаларни олиб, уларни босиб чиқариш ўртасида эса саноқли дақиқалар ўтади.

Инновация дастлабки ихтироларни юзага келтирди. Мисол учун, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Патологик анатомия республика марказида академик М.Абдуллахўжаева раҳбарлигида 2011 йилда ихтирога олинган патентда аниқланишича, агар микроскоп учун предмет ойнасига саратон ҳужайралари жойланса, микроскоп окулярида улар ёришиб турганини кўриш мумкин экан. Бу саратон ҳужайраларининг визуал маркери бўлиб қолди. Ихтиронинг қиммати шундаки, саратон касалликларини уларнинг энг дастлабки босқичида, шиш ҳали ҳосил бўлмай, фақат уни келтириб чиқарадиган ҳужайраларнинг ўзи пайдо бўлгандаёқ ташҳислаш имконияти туғилди.

Ўзбек олимларининг ихтиролари

Ўзбек олимлари ва муҳандисларининг энг яхши ихтиролари АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Швейцария, Франция, Россия, Канада, Япония, Хитой, Туркия ва бошқа мамлакатларда патентлангани бизни мамнун қилади.

Масалан, Ички ишлар вазирлиги Олий ўт ўчириш-техник мактаби қошидаги Ёнғин хавфсизлиги илмий-тадқиқот маркази бошлиғи Миржалил Усмонов 17 давлатда ўз патентига эга бўлди.

У ишлаб чиққан ёнғинга қарши экранлар иссиқлик оқими суръатини юз ва ундан кўпроқ мартага сусайтириши мумкин. Ушбу ихтиро аҳамиятини ҳар қанча ошириб кўрсатса ҳам камлик қилади. Бу борада кўпчилик мамлакатларда ёнғинлардан кўрилаётган зарар ва уларга қарши курашишга кетаётган сарфлар ҳар йили ялпи миллий маҳсулотнинг тахминан бир фоизини ташкил қилишини айтиб ўтиш кифоя.

Бугунги кунда инновация республика миллий иқтисодини ривожлантириш учун сув ва ҳаводай зарур. Шу мақсадда республикамизда 2020 йил – Илм-маърифат ва рақамли иқтисодни ривожлантириш йилига қадам ташлар эканмиз, кейинги беш йилда математика, кимё, биология, фармацевтика, ахборот технологиялари каби устувор йўналишларда патент олинган мавжуд ихтиролар, фойдали моделлар тезликда инвентаризациядан ўтказилиши лозим. Уларнинг жорий этилиши ҳолати аниқлангандан кейин 2020-2025 йиллар Давлат дастурларига киритилиб, мақсадли молияланиши керак. Чунки яхши ихтирони жорий этишга олимларнинг саъй-ҳаракати ҳам, маблағи ҳам етарли бўлмайди.

Бир факт: биз мутасадди вазирлик ва компаниялар, йирик ишлаб чиқарувчиларнинг эътиборини тортиш мақсадида 2009 йилдан бошлаб Давлат патент идораси (ҳозирги Интеллектуал мулк агентлиги)да “Истиқболли ихтиролар” тўпламини чоп этган эдик.

Ўша пайтда идорага раҳбарлик қилардим. Токи, агентлик тузилгунга қадар, 2011 йилгача 200 дан зиёд ихтироларнинг таъриф ва тавсифларини эълон қилиб бордик. Аммо Интеллектуал мулк агентлиги тузилиб, бошқа соҳага ўтиб кетганимдан кейин мазкур истиқболли ихтироларнинг тақдиридан бехабар қолдим.

Илм-фан, инновация ва ишлаб чиқариш тандемида интеллектуал мулк имкониятига алоҳида ёндашув бўлишини истардим. Интеллектуал мулк – асли, бу кўп сонли яратувчилар билан товарлар, хизматларни ишлаб чиқарувчилар ўртасида тўпланган катта маблағни адолатли тақсимлаш воситаси. Турган гапки, у икки томонни, биринчи навбатда, давлатни иқтисодий бой қиладиган механизм. Бироқ жамиятда яхшигина оёққа турган олигархлар, бой-бадавлат кишилар интеллектуал мулк ролини очиқдан-очиқ рад этиш баробарида, бошқаларни шунга даъват этишга уринадилар.

Чет элда бунинг аксини кўрамиз. Сабаби, бундай тизим ва инфратузилма ишга тушиб кетса, кўплаб “бизнесмен”ларнинг божхона, солиқчилар кўзини шамғалат қилиш ҳисобига бойиб қолиши, енгил-елпи йўл билан даромад олиши барҳам топади.

Сиёсий ҳаёт – манфаатлар курашидан ташкил топади. Бизнесменлар, коррупция гуруҳлари интеллектуал мулк соҳасида кутилаётган ислоҳотларга, демакки, миллий иқтисоднинг ривожига турли даражада тўсқинлик қилишга ҳар жиҳатдан интилади. Мисол учун, йилига 10 миллиард сўмлаб даромад олаётган CD, DVD дисклари бозори фикримизнинг тасдиғи бўла олади.

Интеллектуал мулк – бу юқори технология ва ўта иқтидорлилар бизнесига кирадиган ўн минглаб интеллектуалларнинг фундаментал воситаси ҳамдир. АҚШ, Швеция, Франция, Германия, Япония, Жанубий Корея, Малайзия ва бошқа иқтисоди ривожланган мамлакатлар бу воситадан жаҳон пул оқимини қайта тақсимлаш мақсадида фойдаланади.

Ўзбекистонда Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги мутасаддилари афсуски, ана шу ҳақиқатни тушунишни истамайди. Бизнингча, ушбу вазирлик раҳбарлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда, бозор иқтисоди шароитида навбатма-навбат билимлар иқтисоди тизимини барпо этишга доир стратегик дастурларини тайёрлаб бориши лозим.

Бу дастурлар тезроқ ишга тушмаса, вақт ва имкониятдан ютқазамиз. Республикада аниқ фанларда илмий мактаблар давомчилари борлиги ва уларнинг астойдил ҳаракати энг муҳим ютуғимиздир. Аммо ўн йилдан сўнг яхши имконият қўлдан бой берилиши мумкин...

Интеллектуал мулк - бу ақлли бизнесмен ва етук мутахассислар бойиб қоладиган восита эмас, албатта. У бозорда рақобатбардош маҳсулот вужудга келишининг бош омили ҳисобланади. Кимки, ишни аниқ, пишиқ-пухта ўзлаштирса, шунда устунлик сақланади. Юқорида тилга олинган илғор давлат бизнесменлари бу олтин қоидани ўзлаштириб олишган. Муҳими, улар интеллектуал мулк ва илм-фан тараққиётига суянмасдан, дастур ва режаларни тузмайди.

Гап шундаки, биринчидан, биз дунё юрган иқтисодий йўлдан қадам ташлар эканмиз, илм-фан, билим, инновацияга доир муаммоларни ечиш фурсати етиб келди.

Иккинчидан, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишни мўлжаллаб турибди. Агар масала ҳал бўлса, етакчи ишлаб чиқариш корхоналари, хусусан, иқтисоднинг хом ашёсиз секторида анча мураккаб вазият юзага келади.

Аҳволдан қутулишнинг йўли борми?

Бор, албатта. Биринчидан, барча саноат корхоналари раҳбарлари интеллектуал мулкни оммавий рад этиш, уни четлаб ўтиб кетиш психологиясидан воз кечиши керак.

Иккинчидан, интеллектуал мулк ҳисобига қурилган бизнес ғояларни жорий этиш жараёнини бошидан охиригача рағбатлантириб бориш тизимини яратиш лозим. Учинчидан, “Номатериал активлар ҳисоби” рўйхатини кенгайтириш, унга камида ноу-хау – “ишлаб чиқариш сирлари”ни киритиш зарур бўлади. Тўртинчидан, етакчи давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, инновацион лойиҳалар учун узоқ муддатга жалб этиладиган маблағларга солиқ имтиёзлари берилиши мақсадга мувофиқ. Мазкур имтиёзлар келгусида ортиғи билан қайтиб келиши билан бирга, бизнеснинг илдам ўсишига, бюджет суръатининг кўпайишига олиб келади.

Иқтисодчилар узоқ йиллар мобайнида баъзи мамлакатларда иқтисод бошқаларникига қараганда нега жадал ривожланишини тушунтиришга ҳаракат қилиб келади. Бошқача қилиб айтганда, нега айрим давлатлар бой-бадавлат, бошқалари эса камбағал эканлигини исботлайди.

Кенг жамоатчилик биладики, сўнгги пайтларда иқтисодиётнинг ривожида билим ва ихтиролар, шубҳасиз, муҳим роль ўйнамоқда. Машҳур иқтисодчи Поль Ромернинг таъкидича, билимларни тўплаш иқтисодий ўсишни ҳаракатга келтирувчи кучдир. Унинг назариясига кўра, иқтисодий сиёсатда ўсишни осонлаштирмоқчи бўлсангиз, мамлакат янги тадқиқотлар ва ишланмаларга инвестицияларни кўпайтириши лозим. Бунинг учун аввало, илғор мамлакатлар тажрибасини бориб ўрганиш, уни қўллаш механизмларини ишлаб чиқиш керак.

Давлат инновацион истиқболли йўлни танлагудек бўлса, қуйидаги таянч асосларга суяниши мақсадга мувофиқ: биринчи ўринда, интеллектуал донорлар (олимлар, ихтирочилар, маданият ва санъат арбоблари);

иккинчидан, дастлабки ўринда турувчилар ғоясини ҳаётга татбиқ этувчи молиячилар (маҳсулотни ташқи бозорга сотиб, иқтисодимизга чет эл инвестициясини киритиш ва капитални қайтаришни амалга оширган бизнесменлар);

учинчидан, уддабуро менежерлар;

тўртинчидан, ўқитувчилар ва шифокорлар.

Бошқа касбдагилар, жумладан, амалдорларнинг ўзи ҳам кейинги ўринда туришади.

Ўшанда билимга асосланган иқтисод формуласи ушбу тарзда жойлашади: интеллектуал мулк асосига қурилган устувор соҳалар – дастурлар – амалга ошириш учун маблағлар – натижалар. Кўриниб турибдики, маблағлар фақат интеллектуал мулк ғояларига сарф этилмоқда.

Хулоса шуки, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши арафасида давлат ҳокимият тизими билан иқтидорли олимлар, ишлаб чиқарувчилар, товарлар ва хизмат кўрсатувчи тизимлар тезликда ташкилий, психологик чора-тадбирларни амалга ошириб, турли масалада ахборот алмашиб туриши лозим, деб ҳисоблаймиз. Бугунги шиддатли давр тақозосига кўра, жамиятда интеллектуал мулкнинг етакчилик роли ошиб бораверади. Хорижий мамлакатларда кўрганларимизни юртимиз шарт-шароити, ақлий потенциали билан солиштиргач, шундай хулосага келамиз.

Зеро, ақлий салоҳиятли шахсларнинг ватанпарварлик сари дадил қадам ташлашига кенг имкон яратилса, мамлакатимиз иқтисодий жиҳатдан янада тараққий қилади.

Бахтиёр ОМОНОВ,

Тошкент ахборот технологиялари университети доценти, сиёсий фанлар доктори.