Пахтачи маҳаллаларида кўчма савдо дўконлари иш бошлади
Бугунги кунда жойларда COVID-19 пандемияси туфайли карантин тартиби жорий қилиниши сабаб асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларига бўлган талаб ошди. Шу боис Пахтачи тумани ҳокимлиги ва тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида туман миқёсида кўча савдо дўконлари фаолияти йўлга қўйилди.
Ҳар куни ҳар бир маҳаллада белгиланган тадбиркорлар томонидан, туман солиқ инспекцияси назорати остида кўчма савдолар амалга оширилади. Муҳими, мазкур савдо дўконлари орқали маҳсулотлар арзонлаштирган нархларда, доимий аҳоли яшаш жойларида ташкил этилади. Бу аҳолига қулайлик яратиш билан бирга бозорлар ва савдо марказларида фуқароларнинг гавжум бўлишининг олдини олади.
Жумладан, туман марказидан бироз олисда жойлашган Тинчлик маҳалласида якка тартибдаги тадбиркор Толиб Эшмўминов томонидан ташкил этилган кўчма савдодан ҳудуд аҳолиси мамнун бўлди.
- Маҳалламизда 550 та хонадон бўлиб, икки мингдан ортиқ аҳоли яшайди, - дейди маҳалла раиси Назира Аҳмедова. – Аҳоли асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини харид қилиш учун 5 километрдан ортиқ масофада жойлашган “Султонобод деҳқон бозори”га бориб келиши зарур эди. Бозор ҳафтада бир марта бўларди. Бу ортиқча харажат ва ноқулайликларни келтириб чиқарарди. Ҳокимлик томонидан ташкил қилинган кўчма савдо кунда, кунора ўтказилиши барчамизга енгиллик бўлди. Маҳсулотлар арзон, сифатли, муҳими, уйимиздан узоқлашмаймиз.
Ҳокимлик томонидан белгиланган режага мувофиқ, аҳолини ун маҳсулотлари билан мунтазам таъминлаш мақсадида маҳаллаларда ун маҳсулотлари савдоси ҳам амалга оширилмоқда. Ҳар бир ҳудудга ҳомий ташкилотлар томонидан транспорт воситалари бириктирилиб, ун маҳсулотлари маҳалла марказларига етказилмоқда. 50 килограмм ун 145 минг сўмдан маҳалла мутасаддилари томонидан тенг тақсимланган ҳолда аҳолига тарқатилмоқда.
- Ўтган ҳафта бозорда уннинг нархи ошиб кетди, - дейди Худойберди маҳалласида яшовчи Ҳасан Дўстмуродов. - Оилада етти жонмиз. Баҳор фаслида ҳамма мавсумий ишларга киришади. Табиийки, нонсиз кун ўтмайди. Шу боис аҳоли бироз ун етишмаслигидан қийналди. Шунинг учун халқимизда ваҳима ҳам кўтарилди. Худога шукур, халқимизни ўйлайдиган давлатимиз, ҳукуматимиз бор. Мана маҳалламизга келиб ун тарқатишмоқда.
Алишер ИСРОИЛОВ.