Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Пахтачи тумани Кенгаши: депутатлик назорати, очиқлик ва аҳоли манфаати йўлида

Бугун одамлар давлат идораларидан, биринчи навбатда, амалий натижа кутмоқда. Қайсидир маҳаллада ичимлик суви муаммоси ҳал этилса, яна бир ҳудудда электр таъминоти яхшиланса, янги иш ўринлари яратилса, кам таъминланган оила аъзоси доимий даромад манбаига эга бўлса ана шу ўзгаришлар аҳоли турмушидаги ҳақиқий ислоҳотнинг ифодасидир.

Шу маънода маҳаллий вакиллик органларининг зиммасидаги масъулият ҳам тобора ортиб бормоқда. Халқ депутатлари Кенгашлари аҳоли билан давлат бошқаруви ўртасидаги муҳим кўприк сифатида ҳудуддаги муаммоларни аниқлаш, уларни масъул ташкилотлар олдига қўйиш, қабул қилинган қарорлар ижросини назорат қилиш ва халқ манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади.

Пахтачи тумани Кенгаши депутатлари фаолиятида ҳам ана шу ёндашув устувор йўналиш сифатида белгиланган.

Муаммони ўрганиш ечим сари биринчи қадам

Депутатлик фаолиятининг мазмуни фақат сессияларда иштирок этиш ёки қарорлар қабул қилиш билан чекланмаслиги керак. Ҳақиқий депутатлик назорати, аввало, халқ орасига кириш, одамларнинг дардини эшитиш, муаммонинг сабабини жойида ўрганиш ва унинг ечимига эришишдан бошланади.

Шу нуқтаи назардан, туман Кенгаши депутатлари аҳолини қийнаб келаётган масалаларни жойига бориб ўрганишга, ечимини кутаётган муаммоларни масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Сессиялар кун тартибига киритилаётган масалалар ҳам ана шу ўрганишлар натижасига таянилмоқда. Масалалар дастлаб доимий комиссияларда муҳокама қилиниб, уларнинг ечими юзасидан аниқ ва асосланган таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Бугунги кунгача халқ депутатлари Пахтачи тумани Кенгашининг 14 та сессияси ўтказилди. Уларда жами 101 та қарор қабул қилинди.

Бу рақамлар Кенгаш фаолиятида долзарб масалаларни муҳокама қилиш, масъул раҳбарларнинг ҳисоботларини эшитиш ва уларнинг зиммасига тегишли вазифаларни белгилаш тизимли тус олганини кўрсатади.

Депутатлик фаолиятининг бошқалардан ажратиб турадиган асосий мезон натижадорлик. Чунки ҳисобот эшитилиши, ахборот тақдим этилиши мумкин. Бунинг ортидан қарор қабул қилиниши тайин. Аммо уларнинг барчаси аҳоли ҳаётидаги ўзгариш билан уйғунлашсагина ўзининг ҳақиқий қийматига эга бўлади.

Шу нуқтаи назардан, туман Кенгаши депутатлари Президенти ҳужжатлари, Олий Мажлис палаталари ва Ҳукумат қарорлари, шунингдек, юқори даражадаги ташрифлар давомида эришилган келишувлар асосида ишлаб чиқилган “Йўл хариталари”да Пахтачи туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган чора-тадбирларнинг ижросини қатъий назорат қилиб бормоқда.

Умуман, назорат танқид қилиш воситаси эмас, балки муаммони аниқлаш ва натижага эришиш механизми.

159 та депутатлик сўрови 159 та масала

Ҳисобот даврида халқ депутатлари Пахтачи тумани Кенгаши депутатлари томонидан давлат органлари ва ташкилотларига 159 та депутатлик сўрови юборилди.

Уларнинг салмоқли қисми аҳолининг кундалик турмушига бевосита дахлдор соҳаларга тааллуқли. Хусусан, энг кўп депутатлик сўровлари туман Ободонлаштириш бошқармаси, туман электр таъминоти корхонаси ва сув таъминоти бўлимига юборилган. Бу ҳудудда аҳоли учун энг муҳим масалалардан бири қулай ва муносиб яшаш шароитларини таъминлаш эканини кўрсатади.

Зеро, ободонлаштириш, электр энергияси ва ичимлик суви инсон ҳаётининг ажралмас қисми. Шунинг учун ушбу йўналишлардаги ҳар қандай муаммо аҳоли турмушига бевосита таъсир қилади.

Айни пайтда 159 та сўров бизга яна бир муҳим вазифани кўрсатмоқда: сўрв юборилган ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш, муаммоларни келиб чиқишидан олдин аниқлаш ва тизимли ечимлар ишлаб чиқиш зарур.

Ўз навбати сўров юборилганидан кейинги жараён ҳам муҳим аҳамиятга эга. Айи пайтда депутатлик сўровида кўтарилган масаланинг қандай ҳал этилгани, берилган жавоб қанчалик асосли экани, белгиланган вазифа амалда бажарилгани каби жиҳатлар ҳам назоратга олинмоқда.

Очиқ Кенгаш - ишончли Кенгаш

Бугун одамлар давлат органлари фаолияти ҳақида ахборот олишни, қарорлар қандай қабул қилинаётганини билишни истайди. Чунки очиқлик бор жойда жамоатчилик назорати кучаяди, масъулият ортади.

Сессияларда ижро ҳокимияти ва бошқа масъул ташкилотлар фаолияти доирасида 42 та ҳисобот, 10 та ахборот ва 13 та бошқа масала кўриб чиқилди. Шунингдек, 11 маротаба муҳокама этиш ва 8 маротаба назорат-таҳлил тадбирлари ўтказилди.

Пахтачи тумани Кенгаши фаолиятида ҳам очиқлик ва шаффофликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада маълумот ўрнида айтиш мумкин, жорий йилнинг 9 ойи давомида ўтказилган 14 та сессиянинг барчаси ижтимоий тармоқ саҳифалари онлайн ёритилди. Шунингдек, 13 та қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди, 101 та Кенгаш қарори “Е-Кенгаш” тизими орқали эълон қилинди.

Ҳисобот даврида 6 та норматив-ҳуқуқий тусдаги қарор қабул қилинган бўлиб, уларнинг барчаси белгиланган тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.

Фикримча муҳими, очиқликни фақат ахборотни эълон қилиш билан чеклаб қўймаслигимиз керак. Жамоатчиликнинг фикрини эшитиш, таклифларни ўрганиш ва улардан оқилона фойдаланиш ҳам очиқ бошқарувнинг муҳим қисми ҳисобланади.

Дарвоқе, Кенгаш фаолиятини баҳолашда яна бир муҳим жиҳат бор, у ҳам бўлса сессияда муҳокама қилинган масала билан маҳалладаги ўзгариш ўртасидаги вақт ва масофа.

Агар сессияда электр таъминоти масаласи кўтарилса, кейин аҳоли хонадонларида бу муаммо бартараф этилса депутатлик назорати ўз самарасини берган бўлади. Ободонлаштириш масаласи муҳокама қилиниб, кўча ва маҳаллаларда тозалик, ободлик таъминланса қарор ўз натижасини берган бўлади. Ишсиз фуқаронинг муаммоси кўтарилиб, у касбга ўқитилиб, доимий иш билан таъминланса депутатлик ташаббуси инсон ҳаётида ўз аксини топган бўлади.

Бу эса депутатлардан янада фаол, ташаббускор ва масъулиятли бўлишни талаб этади.

Мурожаатларнинг амалий ечими

Аҳоли мурожаатларини ўрганиш, уларда кўтарилган муаммоларни тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш депутатлик фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир. Пахтачи туманида ҳам сайловчилар мурожаатлари асосида бир қатор масалалар депутатлар ташаббуси билан ижобий ҳал этилмоқда.

Жумладан, 25-Қарнабота сайлов округидан сайланган депутат Учқун Бегматов Пахтачи туманининг олис ҳудудларидан бири бўлган Қарнабота маҳалласида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар томонидан мурожаат йўлланган. Мурожаатда маҳаллада яшовчи ёшга доир ва ногиронлик нафақаларини олувчилар, кончилар ҳамда ишчи ходимларга қулайлик яратиш мақсадида ҳудудга банкомат ўрнатиб бериш сўралган.

Мазкур мурожаат асосида ҳудуд ўрганилиб, аҳоли учун зарур бўлган қулайликни яратиш мақсадида депутат ташаббуси билан Қарнабота маҳалласи ҳудудига банкомат ўрнатилди. Натижада фуқароларнинг банк хизматларидан фойдаланиш билан боғлиқ масалаларига амалий ечим топилди.

Шунингдек, 4-Сардоба сайлов округи депутати Элдор Эшонқуловга туман Қувондиқ маҳалласи фуқароси Ҳамза Мирзаев томонидан Нурли тонг кўчасини шағаллаштириб бериш бўйича мурожаат қилинган.

Мурожаат депутат томонидан ўрганилиб, масалани ҳал этиш мақсадида туман ободонлаштириш бошқармасига депутатлик сўрови юборилди. Натижада ободонлаштириш бошқармаси томонидан кўчага шағал тош ташлаб берилди ва фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилди.

Ишончни оқлаш - энг катта вазифа

Юқорида келтирилган рақамлар фақат натижанинг ташқи ифодаси. Яъни Кенгаш фаолиятининг муайян кўрсаткичларидир. Лекин бугун депутатлик институти олдида турган энг муҳим вазифа ҳам шу: халқ билан яқин ишлаш, аҳоли дардини эшитиш ва уни ҳал этишда ташаббускор бўлиш, деб ўйлайман.

Албатта, Кенгашнинг доимий комиссиялари фаолиятини янада кучайтириш, депутатлик назоратининг таъсирчанлигини ошириш, масъул ташкилотлар билан ҳамкорликни такомиллаштириш, аҳолининг кундалик ҳаётига дахлдор масалаларни доимий эътиборда тутиш келгусидаги устувор вазифаларимиздан.

Халқ билан бирга ишласак, халқ дардини ўз дардимиздек ҳис қилсак, ҳар бир қарор ва ташаббуснинг марказига инсон манфаатини қўйсак - ҳудуд тараққиёти ҳам, одамлар фаровонлиги ҳам юксалади.

Рўзигул МАГРИПОВА,

халқ депутатлари Пахтачи тумани Кенгаши котибияти мудири.