Пахтачида МТМ ходимларига қонунга хилоф равишда ойлик иш ҳақлари тўланмаган
Аввалроқ Нарпай туманидаги боғчалардан бирида ҳам шундай ҳолат қайд этилганди. Яъни, мактабгача таълим маскани ходимларига 177 миллион сўмдан кўпроқ иш ҳақлари тўлаб берилмаганди.
Нарпайдаги ҳамкасблари сингари Пахтачидаги МТМ ходимларининг ишига ҳам адлия идоралари аралашди. Шундан сўнг 8 нафар ходим 9 ойлик иш ҳақларини оладиган бўлди.
Тўланмаган ойлик иш ҳақи суммаси 41 миллион сўмдан кўпроқ бўлган.
Шу боис, Пахтачи тумани МТБга қарашли 26-сон давлат мактабгача таълим ташкилотининг бир гуруҳ ходимлари туман адлия бўлимига мурожаат қилди.
Адлия бўлими томонидан ушбу мурожаат ўрганилиб, ҳақиқатан ҳам 26-сон ДМТТ ходимларига 2018 йилнинг декабрь ойидан 2019 йилнинг август ойига қадар бўлган даврда иш ҳақлари тўлаб берилмаганлиги аниқланди.
Ҳолат юзасидан мактабгача таълим ташкилоти ходимлари манфаатларини кўзлаб Каттақўрғон туманлараро судига ариза киритилди. Ариза қаноатлантирилиб, суднинг жорий йил 16 июлдаги буйруқлари билан мактабгача таълим ташкилотининг зиммасига ходимларнинг тўланмаган 41 миллион 722 минг 641 сўм иш ҳақларини тўлаш вазифаси юклатилди.
Зафар Сафаров,
Пахтачи тумани адлия бўлими бошлиғи.