Пахтачида тошдан қоғоз ишлаб чиқарилади

Яқинда Пахтачи туманида маҳаллий тадбиркорлар ҳамда Эроннинг “ARIO POLI Co.LTD компанияси ўртасида тошдан қоғоз ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича 5 миллион долларлик шартнома имзоланди. Келишувга асосан “ZIYOVUDDIN – ARIO POLI” Ўзбекистон – Эрон қўшма корхонаси таъсис этилди.

Корхона фаолият юритиши учун туман ҳудудидан 20 гектар ер майдони ажратилди. Айни пайтда корхонада қурилиш ва Хитойдан келтирилган ускуна ва технологияларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ушбу қўшма корхонада бўлди ва йирик лойиҳани амалга ошириш жараёнлари билан танишди.

– Тошдан қоғоз ишлаб чиқариш индустрияси саноат даражасида фақатгина Хитой ва Тайван давлатларида йўлга қўйилган, - дейди лойиҳа ташаббускори Абдуллаҳ Саид Шафиэйфар. – Ваҳоланки, бугунги кунда сифатли тош қоғоз маҳсулотларига талаб бутун дунёда ортиб бормоқда. Сабаби, унда экологияга ҳеч қандай зарар етмайди, балки оддий тош ёки кальцийдан фойдаланилади. Мазкур лойиҳа ишга тушгач, маҳаллий хом ашёдан йилига 72 минг тонна экологик тоза қоғоз ишлаб чиқарилади. Маҳсулот ички бозор билан биргаликда Европа ва Осиё давлатларига экспорт қилинади. Шунингдек, 100 нафар маҳаллий аҳоли муқим иш ўрни билан таъминланади.

Мамлакатимизга бир йилда 230 минг тоннадан ортиқ қоғоз маҳсулотлари импорт қилинади. Демак, валютани иқтисод қилишда ҳам бу лойиҳанинг нафақат вилоятимиз, балки мамлакатимиз учун аҳамияти катта.

Акрам БЎРИЕВ.