Пахтачидаги масжидда боланинг сўроқ қилиниши видеосига расмий изоҳ берилди

Кеча, 26 май куни ижтимоий тармоқларда «Пахтачи туманида ИИБ ходимлари вояга етмаган болани сўроқ қилишди» сарлавҳаси остида видеолавҳа тарқалди.
Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ изоҳ берди.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат 2021 йил 25 май куни Пахтачи туманида содир бўлган бўлиб, шу куни соат 20:30 лар атрофида Пахтачи тумани ИИБ ходимлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Пахтачи тумани Зиёвуддин шаҳарчасида жойлашган «Хўжа-Зиёвуддин» жомеъ масжидида рейд ўтказилган.
Тадбир давомида махсус диний маълумотга эга бўлмаган Х.А. исмли шахс 11 нафар (5 нафари вояга етмаган) шахсга диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз диний сабоқ бераётганлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан Х.А.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, келгусида диний таълимотлардан сабоқ бериш нияти бўлса, махсус диний билимларни эгаллаб, қонунларга асосан, ваколатли диний органларнинг рухсати асосида фаолият кўрсатиши мумкинлиги тушунтирилган.
"Ички ишлар органлари ҳеч кимни диний билим олишини чекламайди. Юртимизда диний билим олиш учун барча зарурий шароитлар яратилган. Фақатгина қонунчиликка асосан, белгиланган меъёрларга амал қилиш сўралади", дейилган вилоят ИИБ ахборот хизмати муносабатида.