Пахтани ўзимиз етиштирдик, ўзимиз териб оламиз

Шу кунларда пахта йиғим-терими қизғин паллага кирди. Аввалги йиллардан фарқли ўлароқ бу йил етиштирилган ҳосил вилоятимиздаги пахтачилик кластерлари томонидан йиғиштириб олинмоқда.

Бундан 4-5 йил олдинги ҳолатни эсланг. Сентябрь бошланиши билан талабалар, ўқитувчиларни пахтага жалб этиш ҳаракатига тушардик. Ёки корхона ва ташкилотлар ходимлари, ҳатто шифокорлар далага, пахта теримига чиқариларди. Болаларни айтмайсизми, коллеж, мактаб ўқувчилари ҳам далага чиқишга мажбур бўларди. Бунинг ортидан қанча норозилик, гап-сўз. Ана шундай пайтда кимдир касал бўлиб қолса ёки бирор кўнгилсиз ҳолат юз берса, ҳаммасидан ошиб тушарди. Кўнгилларга хиралик кирарди.

Мана, кейинги икки-уч йилда бундай ҳолатларга барҳам берилди. Аввало, болалар меҳнатига бутунлай чек қўйилди. Талабалар пахта теримига чиқарилмайдиган бўлди. Ўқитувчи ҳам, шифокор ҳам ўз ўрнида, иши билан банд. Пахтани етиштирган фермер, кластер жамоаси ўша ҳудуд одамлари, кўнгилли теримчилар билан йиғиштириб олмоқда.

Демак, пахтачиликда ҳам ишни тўғри ташкил этиб, шу меҳнат билан шуғулланаётган кишиларнинг манфаатдорлигини ошириб, ҳосилни йиғиштириб олиш мумкин экан.

Биз ҳам мавсумга олдиндан тайёргарлик кўриб қўйгандик. Ўзимизнинг ишчиларимиз, маҳаллалардаги ишсиз кишилардан иборат терим отрядлари ташкил этгандик. Кунига 1500-1600 киши далага чиқяпти. Даланинг ўзида тушлик ташкил қилганмиз.

Теримга оилавий чиқиб, кунига 300-400 килограмдан пахта тераётганлар кўп. 80-100 килограмм терган теримчилар сафи кенгаймоқда. Биринчи теримда ҳар килограмм пахта учун 800 сўмдан пул беряпмиз. Илғорлар терим пулидан ташқари, уй жиҳозлари, маиший техника воситалари билан рағбатлантирилмоқда.

Аҳадилла КАРИМОВ,

Иштихон туманидаги «Иштихон олтин ерлари» фермер хўжалиги бошлиғи.