Пайариқ, Паст Дарғом ва Каттақўрғон туман халқ таълими бўлимларида 1,4 млрд. сўмдан зиёд бюджет маблағлари талон-торож қилинган

Бу ҳақда Самарқанд вилояти прокурори Ж.Ҳотамов халқ депутатлари вилоят Кенгашининг саксон биринчи сессиясида маълум қилди.

- 2022 йил давомида вилоят халқ таълими бошқармаси, шунингдек Паст Дарғом, Пайариқ, Каттақўрғон тумани бўлимларида, минг афсуски, кўплаб жиноятлар содир қилинганлиги аниқланди, - деди прокурор. - Мисол учун, Пайариқ тумани бўлими томонидан 729 млн. сўм, Паст Дарғом туманида 393,3 млн. ҳамда Каттақўрғон туман бўлимида 288,6 млн. сўм, жами 1 млрд. 410 млн. сўм миқдоридаги бюджет маблағлари растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинган. Ўтказилган тергов натижасига 10 нафар шахсга нисбатан тегишли айбловлар эълон қилиниб, талон-торож қилинган маблағлар бюджетга қайтарилди.

Ёки халқ таълимининг ҳудудий бўлимлари фаолиятини мувофиқлаштириб, назорат қилишга масъул бўлган вилоят бошқармаси мансабдор шахслари ҳам спорт жиҳозларини давлат харидлари орқали 1 млрд. 33 млн. сўмга қиммат нархларда сотиб олиб, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишга “ўз ҳисса"ларини қўшган.