Пайариқда 33 нафар уй-жойга муҳтож оила уйли бўлди

Пайариқ тиббиёт коллежининг икки қаватли ётоқхона биноси қайта таъмирланиб, 33 нафар ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, уй-жойга муҳтож оилаларга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г. Алимова, Пайариқ тумани ҳокими Д.Мусинов ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

- Иккинчи фарзандимни дунёга келтиргач, кўзим ожиз бўлиб қолди, - дейди Тўполос маҳалласида яшовчи Гулсанам Тўраева. - Тўрт йилдан бери онамникида яшайман. Халқимиз бежиз "Ўз уйинг - ўлан тўшагинг", деб айтмаган. Бугун шундай бахтга мушарраф бўлдим. Бу бахтни ҳадя этганлардан миннатдорман.

Шунингдек, ушбу бинода турмушида мураккаб вазиятга тушиб қолган, оиласида зўравонликка дуч келган аёллар ва уларнинг фарзандлари учун "Аёллар ижтимоий мослашув маслаҳат маркази" ҳам ўз фаолиятини бошлади.

- Марказда аёлларга ҳар томонлама кўмак бериш мақсадида барча шароитга эга ётоқхона, тиббиёт хонаси, ошхона, кутубхона ташкил этилди, - дейди вилоят ҳокими ўринбосари Г. Алимова. - Шу билан бирга уларга бу ерда ҳуқуқшунос ва психологлар томонидан маслаҳат ва амалий ёрдам берилади.

Насиба Жонтўраева.