Пайариқда экологлар қўллаган жарима адлия бўлими томонидан бекор қилинди
Пайариқ туман адлия бўлимига тумандаги Фидокор маҳалласида яшовчи фуқаро Ж.Алибеков туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, мурожаат қилди.
Мурожаат мазмунига кўра, фуқаро Ж.Алибеков жорий йилнинг март ойида туманнинг Ингичка қишлоғидан ўз уйига шахсий автомашинасида тош олиб кетаётган вақтида туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ходимлари томонидан тўхтатилиб, автомашинада ортилган тошни суратга олишган. Лекин инспекция ходимлари томонидан фуқаро Ж.Алибековга ҳеч қандай ҳужжатга имзо қўйдирилмаган.
Бироқ орадан 3 ой ўтганидан кейин мажбурий ижро бюросидан фуқаро Ж.Алибековнинг телефонига 2.252.300 сўм қарзи борлиги тўғрисида хабарнома келган.
Аниқланишича, Пайариқ туман экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси инспектори томонидан 2020 йил 18 март куни фуқаро Ж.Алибековга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 70-моддаси 1-қисми билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома, шунингдек 2020 йил 27 мартда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш баённомаси ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қарор қабул қилинган.
Пайариқ туман адлия бўлимининг аралашуви билан Самарқанд вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг 2020 йил 20 июлдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарорни бекор қилиш ҳақидаги қарори қабул қилиниб, фуқаро Ж.Алибековга қўлланилган жарима бекор қилинди.
Самарқанд вилоят адлия бошқармаси.