Пайариқдаги бир қатор мактаблардаги ҳолат санитария талабларига жавоб бермаслиги маълум бўлди

Хабар қилганимиздек, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси масъуллари, туман (шаҳар) бўлими мутахассислари ҳамда ОАВ вакиллари вилоятдаги мактабларнинг санитария ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати билан танишмоқда. 

Бугун бу жараён Пайариқ туманидаги мактабларда давом этди.

Туманда 102 та умумий ўрта таълим мактаби бўлиб, 17 таси газлашган, 85 таси кўмир билан иситилади.

Жумладан, тумандаги 10-мактаб газлашган, лекин  муассаса кўмир билан иситиляпти. Бунинг устига ҳожатхонаси хлорланмаган, қўл ювгичлар носоз, чиқинди контейнерлари белгиланмаган жойда ўрнатилган.

- Мактабимиз газлашган,  лекин кўмир билан иситяпмиз, - дейди мактаб директори вазифасини бажарувчи Абдуманнон Умиров. - Ўтган йил газ бор эди, бу йил газ келмаганлиги учун 24 тонна кўмир берилди. Ҳозир синфхоналарни иситиш учун кунига 300-400 килограммгача кўмир ишлатяпмиз. Бироқ газ келмаса, ёки қўшимча кўмир берилмаса, мавсум сўнгига қадар етмайди.

Тумандаги 24, 50 ва 55-мактабларда ҳам худди шундай ҳолат - ҳожатхоналар санитария талабига мос эмас, қўл ювгичлар таъмирталаб, муассасалар ҳудудидаги дўкон ва ошхонада тақиқланган ичимликлар сотилмоқда.

Пайариқ туман санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги мутахассиси Шерали Жабборовнинг айтишича, мактаблар раҳбарлари мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича огоҳлантирилган. Аммо ҳалигача ҳеч қандай масала бартараф этилмаган.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.