Пайариқлик қидирувдаги шахс Тошкент вилояти "ГАИ" биносида қўлга олинди

1982 йилда Пайариқ туманида туғилган, ҳозирда Тошкент вилоятининг Қибрай туманида яшовчи фуқаро З.Я. одамлар ишончига киришга, ўзининг ёлғонлари билан уларни чув туширишга устаси фаранглардан бўлиб чиқди.

Галдаги жабрдийдани чув тушириб, у билан спиртли ичимлик истеъмол қилиб транспорт воситасини бошқарди. ЙПХ ходимлари уни тўхтатганида маст бўлса-да, асло “ерга тушмади”. Дўқ-пўписа қилди, юқори мансабдаги танишлари билан қўрқитишга уринди. Аммо ЙПХ инспекторлари зийраклик билан иш тутди, суд эса уни маълум муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилди.

Яшаш жойи атрофида фирибгарлиги иш бермай қолгач, ўзи туғилган Самарқанд вилоятига йўл олди. Бу ерда ҳам бирин-кетин соддадил кишиларни домига илинтирди. Иштаҳаси очилиб, каттароқ фирибларга қўл урди. Аммо одамлар алданиб қолавермайди, улар ИИБга ариза билан мурожаат қилди.

З.Я.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисм «а» бандида кўрсатилган жиноятни содир этгани учун жиноят иши қўзғатилди. Бундан хабар топган фирибгар Самарқанддан жуфтакни ростлаб қолди.

Бу орада унинг ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган вақти тугади. Қибрайга қайтиб келгач, ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтариб олиш мақсадида Тошкент вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлимига келди. Аризаларни расмийлаштириш учун ҳужжатларини давлат бошқарма инспектори, сержант Ш.Қосимовга тақдим этган З.Я. ҳозирда замонавий, инновацион технологиялар ёрдамида қидирув ишлари олиб борилишини билмай қолди ва шу ерда «қопқон»га тушди.

“Ходимлар тезда Самарқанд вилоятидаги ҳамкасблари билан боғланди. З.Я.ни эса вилоят ИИБга топширди. Энди у Самарқандда содир этган жиноятлари учун жавоб беради”, дейилади Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабарда.