Педагоглар малакасини ошириш яна эски тизимга қайтяптими?
2023-2024 ўқув йилида вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотларининг 872 нафар, умумий ўрта таълим мактабларининг 26 701 нафар педагоглари малака оширган. Бу ҳақда вилоят матбуот уйида “Ўқитувчилар малакасини ошириш ва бу борадаги муҳим ўзгаришлар” мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида хабар берилди.
Шунингдек, жорий йилда Абдулла Авлоний номидаги миллий тадқиқот институтида 334 нафар мактаб директори, Самарқанд давлат чет тиллар институтида 525 нафар инглиз тили фани ўқитувчиларининг малакаси оширилган.
- Президентимизнинг 2024 йил 21 июндаги “Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб, мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларининг ходимлари учун беш йилда бир маротаба ишдан ажралган ҳолда малака ошириш курслари жорий қилинади, - деди вилоят педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий маркази директори Аъламжон Ибрагимов. – Бу эски тизимга қайтиш дегани эмас, аксинча малака ошириш тизими янада такомиллаштириляпти. Масалан, бунда мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ва мутахассис кадрларини узлуксиз касбий ривожлантириш бўйича “Виртуал касбий ривожлантириш” электрон дастури жорий этилади. Шунингдек, малака ошириш курслари оралиғида ходимларнинг ўзаро тажриба алмашиш ва ўзини ўзи мустақил ривожлантиришга асосланган узлуксиз касбий ривожлантириш шакллари ташкил этилади.
Бундан ташқари, 2025 йил 1 январдан бошлаб, барча умумий ўрта таълим муассасаларида малака оширишнинг “Касбий ривожланиш соати”, таянч умумий ўрта таълим муассасаларида эса “Касбий ривожланиш куни” каби шакллари босқичма-босқич жорий этилади.
Бунда ҳар бир туман (шаҳар)да юқори малакали ўқитувчилар орасидан фанлар кесимида ментор-ўқитувчилар таркиби шакллантирилади, ўқитувчиларнинг дарслари таҳлил қилинади, уларга методик ёрдам кўрсатилади, касбий ривожланиши бўйича тавсиялар берилади.