Педагоглар табақалаштирилган шаклда малака оширади

Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларининг ходимлари беш йилда бир маротаба ишдан ажралган ҳолда ўз малакасини оширади.
Бу тартиб республика Президентининг 2024 йил 21 июндаги “Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган.
Жорий йилдан бошлаб, малака ошириш тизими табақалаштирилган шаклга ўтказилиб, вилоятдаги 3025 нафар олий ва биринчи тоифали педагогларга алоҳида, 8540 нафар бошқа тоифали (иккинчи, мутахассис ва ўрта махсус маълумотли) педагогларга алоҳида дастур бўйича малакаси оширилади. Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
- 2025 йилда вилоятда 12 минг 315 нафар педагог ходим узлуксиз касбий таълим платформаси ва менежерлик ўқув курсларида малака оширади, - деди вилоят Педагогик маҳорат маркази академик фаолият бўйича директор ўринбосари Сарвар Муродов. – Уларнинг 1275 нафари мактабгача таълим ва 10 минг 290 нафари мактаб таълими ўқитувчилари, 500 нафар жисмоний тарбия фани ўқитувчилари, 250 нафар мактаб директорларидир. Жорий йилнинг биринчи чорагида 3698 нафар педагогларнинг малака ошириши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар 3739 нафар (101 фоиз) педагог малака оширди.
Яна бир муҳим янгиликлардан бири ўқитувчиларнинг узлуксиз касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва касбий маҳоратини ошириш учун тегишли шарт-шароитларни яратиш мақсадида таълим муассасалари педагоглари учун “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” тадбирлари жорий этилганидир.
Вилоятда ташкил этилган “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” тадбирларига аниқ фанлар (математика ва информатика), табиий фанлар (физика, биология, кимё, география), бошланғич таълим ва инглиз тили йўналишлари бўйича жами 182 та таянч мактабларига 16 нафар мастер-тренер, 194 нафар ментор-тренер, 5020 нафар етакчи ўқитувчилар ва 26043 нафар фан ўқитувчилари жалб этилган.
Вилоятда “Методик маҳорат куни” ва “Методик маҳорат соати” тадбирларини ўтказиш бўйича 34 та таянч мактабгача таълим муассасасида 2 нафар мастер-тренер, 34 нафар ментор-тренер, 764 нафар етакчи-тарбиячилар ва 10838 нафар тарбиячилар жалб этилган.