Пегас ва «доҳий». Брежневнинг учта эсдалик китоби қандай яратилган эди?
Шарқда шоиру, санъаткорларни илҳом париси ижодга рағбатлантирган. Қадим юнонларда эса бу ғоят масъулиятли вазифа Пегас номли от зиммасида эди. Рассомларнинг тасвирлашича, бошқа отлардан фарқли улароқ унда иккита қанот ҳам бўлган. Л.И.Брежнев СССРда бор ордену медалларни, унвонларни олгач, доҳий бўлиш учун "Забардаст ёзувчи", деган ном етишмаётганини сезиб қолди. Шу боис умрининг охирида унда авлодларга ўзи ҳақида бебаҳо асарлар қолдириш истаги туғилди ва Кремльга Пегасни етаклаб келтиришларини буюрди.
"...Урушда мен кундалик тутмаганман. Аммо алангали 1418 кун ва тун сира унутилмайди. Ҳамма фронтда бўлгани каби менинг ҳам хотирамдан асло учмайдиган воқеалар, учрашувлар, жанглар, дақиқалар бўлган. Шундан сўнг "Кичик ер", "Тиюпаниш", "Қўриқ" эсдаликларида аниқ рақамлар, қўмондондан тортиб оддий аскарнинг исми ва фамилияси, шаҳар ва қишлоқлар номлари, ҳатто, айрим кишиларнинг туғилган кунларигача ўқиш мумкин. "...15 февралда... Шалва Тагарашвили 23 ёшга кирди", "..қўшинларга Шимолий Кавказ фронти қўмондонининг 1943 йил 9 октябрдаги 51-сонли буйруғи ўқиб эшиттирилди".
Бу парчалар қайси асардан олингани билан қизиқаётганингиз, шубҳасиз. Ўтган асрнинг 70-80 йилларида машҳур бўлган ҳар бир партия ходими, ҳар бир коммунист, ҳар бир талаба ўқиши шарт қилиб қўйилган (!) бу асар собиқ КПСС Марказий Комитетининг Бош секретари, СССР Олий Совети Президуми раиси, Совет Иттифоқи Маршали Леонид Ильич Брежневнинг "Кичик ер" асари эди. Бу асар ушбу мақола бошида келтирилган сўзлар билан бошланади.
Раҳбарлик қилган йиллари иттифоқни бошбошдоқлик, таназзул ёқасига келтириб қўйган бу зот сиёсатшунос ва ёзувчи Фёдор Бурлакийнинг ёзиши-ча, бирор бир нарса ёзиш тугул, ўқишга ҳам ҳафсаласи бўлмаган. Тўғрироғи, уруш йиллари кундалик тутмаган одамнинг орадан 30-35 йил ўтиб, шаҳарча ва қишлоқлар, аниқ рақамлар, исм-фамилияларни ёдлаб қолиб, қоғозга ту-ширганига сира ақлинг бовар қилмайди. Агарда ўша пайтларда "муаллиф"нинг ёши 70 дан ошганини ҳисобга оладиган бўлсак, "хотираси кучли" бўлган салкам доҳийга тасаннолар айтгинг келади.
"Кичик ер" асаридан сал ўтмай "Қўриқ" ва "Тикланиш" эсдаликлари пайдо бўлди. Бу трилогия турли қардош республикаларда, чет элларда, турли тилларда катта нусхаларда чоп этилди. Бу "дурдона"лар алоҳида китоб ҳолида ҳам бир неча бор нашр қилинди. Иттифоқ газета ва журналларининг деярли барчасида парчалар эълон қилиниб борилди. Ўзбек тилида алоҳида чоп этилганидан ташқари, 1978 йил "Ўзбекистон" нашриётида учта эсдалик яхлит битта китоб ҳолида, 50 минг нусхада босилди. 12,79 босма табоқдан иборат трилогия ўн икки кун ичида теришга берилди ва босишга рухсат этилди. Мисли кўрилмаган тезкорликни қаранг! Қизиғи, "Кичик ер"даги каби "Қўриқ" ва "Тикланиш"да ҳам кўплаб рақамлар ва исм-фамилиялар аниқ келтирилган.
Умуман, кундалик юритмаган давлат раҳбари эсдаликларини ўз қўли билан ёзганига сира ишонгинг келмайди. Ҳар кунги учрашувлар, давлат ишларидан вақт топиб, "асар битиш"нинг узи ғалати туюлади кишига. Бу кундалик-эсдаликлар Брежневнинг айнан ўз қўллари билан ёзилганига у тирик пайтда ҳам жиддий шубҳалар бор эди.
Публицист ёзувчи Георгий Яковлевнинг "Московская правда" газетасида таъкидлашича, "Кичик ер", "Қўриқ" ва "Тикланиш" бир гуруҳ ёзувчи ва таниқли журналистлар томонидан яратилган. Уларнинг айримлари ҳафталаб партиянинг дала ҳовлисида яшаб, Л.И.Брежнев учун маърузалар тайёрлаган бўлса, бошқа бир гуруҳи яратилажак "Эсдаликлар" билан машғул бўлишган. Китобнинг ёзилишидан тортиб ўқувчига бориб етгунча бўлган ишларга Марказий Комитет масъул ходимларидан бир нечтаси бириктириб қўйилган. Китобларда исм-шарифи кўрсатилмаган "ҳаммуаллифлар" Москвадан Брежнев фаолият кўрсатган барча жойларга ойлаб хизмат сафарига жўнатилган. Улар иш ҳақлари сақланган ҳолда эсдаликлар учун маълумотлар йиғишган. Марказий Комитет масъул ходимларидан бири тайёр бўлган эсдаликларни Қримда дам олаётган Брежневга кўрсатиш учун олиб борганда "муаллиф" иккитагина сўзнинг ўрнини алмаштирган, холос.
1979 йилда миллионлаб кишилар телевидение орқали "Эсдаликлар" учун Л.Брежнев Ленин мукофотига сазовор бўлганлигини томоша қилдилар. СССР Ёзувчилар уюшмасининг ўша пайтдаги раҳбари Георгий Марков "Ўқимишли ва таассуротларга бой бўлгани учун" ҳам катта нусхаларда чоп этилган китобни роса мақтади. Кремлда ўтказилган тантанали йиғилишда "ҳаммуаллифлар"нинг номлари тилга олинмаган бўлса-да, тантанада кўкрак кериб ўтиришди. Сиёсий нашриёт Л.И.Брежневга 500 минг сўм (ўша пайтда бунча микдордаги пулга 70-80 та янги "Жигули" русумли автомобиль сотиб олса бўларди) қалам ҳақи тўлади. Эсдаликларнинг асосий муаллифлари қалам ҳақига шерик бўлмаган бўлсалар-да, бири орден билан такдирланди, яна бирига лауреатлик унвони берилди, бошқа бировига эса Москва шаҳри марказидан квартира ажратилди. Бирига нашриётлардан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритди. Доҳий бўлишга интилаётган "муаллиф" комиссия тузиб, барча қўлёзмаларни йиғиштириб олди ва уларни куйдиришга фармон берди. Бундан кейин ҳам эсдаликларнинг ҳақиқий муаллифлари ким эканлигини исботлаб кўринг-чи! Гўё "Қор ёғди-ю, излар босилди" қабилида иш тутилди.
...Қайта қуриш, ошкоралик, деган сўзлар ҳар куни миллионлаб тилга олинаётган пайтларга келиб "Эсдаликлар"нинг ҳақиқий муаллифлари ҳам маълум бўлиб қолди. Лекин уларнинг ҳеч бири буни ошкор тан олгиси келмади. Тўғрироғи, улар номларига кейинчалик бўлса ҳам доғ тушишидан ҳайиқдилар.
Иззатулла НОРҚУВВАТОВ тайёрлади.