PISA дастури бўйича тайёргарлик бошландими?

2018 йил 12 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ўртасида халқаро талабалар билимини баҳолаш (PISA) дастурида иштирок этиш тўғрисида келишувга эришилганди.

Дастур 1997 йилда жорий этилган бўлиб, ҳар уч йилда бир марта ўтказиб келинади. Биринчи марта 2000 йилда 43 мамлакат ўқувчи-ёшлари ўз билимларини синаб кўрган бўлса, 2018 йилда 78 та мамлакат қатнашди. 2021 йилда иштирокчи давлатлар орасида Ўзбекистон ҳам бўлади.

Хўш, бу дастурда иштирок этиш учун бугун Самарқанд шаҳридаги мактабларда қандай тайёргарлик ишлари бажарилмоқда?

– 2021 йилда PISA дастури асосида ўтказиладиган тест синовларига жиддий тайёргарлик кўряпмиз, - дейди Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими таълим сифати мониторинги бош инспектор-методисти Норбек Нуриддинов. – Шаҳримиздаги 80 та халқ таълими муассасасини PISA дастурига тайёрлаш юзасидан 1-ИДУМ ва 24-умумий ўрта таълим мактаблари таянч мактаб сифатида танлаб олинган. Мазкур мактабларнинг тажрибали ўқитувчилари бошқа мактабларда дастур бўйича семинарлар, ўқув машғулотлари ўтказади, ҳамкасбларига амалий ёрдам беради.

– Дастур бўйича жорий йилнинг апрель ойида вилоятимиздаги барча мактаб директорлари ва уларнинг ўринбосарлари иштирокида семинар ўтказгандик, - дейди 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабидан масъул, PISA бўйича тренинг ўқитувчи Гавҳар Пардаева. – Семинарда дастурнинг мақсади, вазифаси, мактабларда уни жорий этиш бўйича ташкилий ишлар ҳақида тушунча берилди. 1 августдан 10 августгача Самарқанд шаҳридаги мактабларда дастур бўйича масъул ўқитувчиларга амалий машғулотлар ўтказдик. Улар ўн кун давомида ўрганганларини мактабларидаги ҳамкасбларига ўргатишди.

Самарқанд шаҳридаги мактабларда бўлганимизда афсуски, жиддий тайёргарлик кўрилаётганга ўхшамади. Аксинча, қизиқ “ҳангома”ларга дуч келдик. Жумладан, 2-умумий ўрта таълим мактабида PISA дастури асосида амалга оширилиши керак бўлган ишлар режалаштирилган. Аммо ўқувчилар дастур бўйича етарли тушунчага эга эмас. Улар фақат PISA дастури ҳақида эшитган, холос. Мактабда «Мана бу намунавий тест асосида ўқувчиларга тушунтирдим» ёки «Ўқувчиларимнинг тест бўйича кўникмаси мана бу даражага етди», деган бирорта ўқитувчи топилмади. Мактаб директори Фаррух Болтаев эса юқоридаги ҳолатларни ўқув йилининг бошида ўқитувчилар бироз тайёр эмаслиги билан изоҳлади.

PISA дастури нима ўзи? У бизга нима учун керак?

PISA – ўқувчиларнинг таълим соҳасидаги ютуқларини баҳолаш бўйича халқаро дастур бўлиб, дастурнинг асосий мақсади 15 ёшли ўқувчиларнинг ўқиш саводхонлиги, математика ва табиий фанлар бўйича саводхонлик даражаларини турли хил тестлар кўринишида баҳолашдан иборат. Ушбу лойиҳа ўқувчи-ёшларнинг ижодий ва танқидий фикрлаши, олган билимларини ҳаётда қўллай олиш қобилиятларига баҳо бериш ва кейинчалик бу кўникмаларни уларда ҳосил қилишга ундашдир. Бу дастурда қатнашиш тестларни ўтказиш ёки ўқувчиларни тестга тайёрлаш эмас, бугунги кун талабларига жавоб берадиган, рақобатбардош кадрларни тайёрлаш.

- PISA дастури тестлари устида 9-10 синф ўқувчилари билан ишлаяпмиз, - дейди 8-умумий ўрта таълим мактаби директори Нигора Суярова. – Дарс машғулотлари давомида ўқувчилар билан бу борада мунтазам шуғулланаяпмиз.

Англаганингиздек, бу ўқувчилар айни пайтда ҳам дастурда белгиланганидан 1-2 ёш катта. Улар 2021 йилдаги тестда қатнашолмаслиги кундай равшан.

13-умумий ўрта таълим мактаби директори Раъно Бобоёровага мактабга келишимиздан мақсадимизни айтганимизда, у айни пайтда барча ўринбосарлари “горона”га йиғилишга кетганлиги, ўзи эса ҳокимиятда шаҳар мактаблари директорлари билан бўлаётган йиғилишга шошилаётганлиги сабабли дастур бўйича маълумот бера олмаслигини айтди. Қизиғи, у ердан чиқиб 35-мактабга борганимизда мактаб директори ўз хонасида эди.

- 2021 йилдаги PISA тести иштирокчилари асосан ҳозирги 7-синф ўқувчилари, - дейди 35-умумий ўрта таълим мактаби директори Умида Пўлатова. – Биз улар билан фанлар бўйича намунавий тестлар устида ишлаяпмиз. Қолаверса, ушбу тестнинг самарадорлигини инобатга олиб, қолган юқори синфларда ҳам машғулотлар ўтказяпмиз.

– Ўзим робототехникага қизиқаман, мантиқий фикрлаш билан боғлиқ машғулотларга иштиёқим баланд, - дейди шу мактабнинг 8-синф ўқувчиси Мурод Абдурашидов. - Оддий тестларда аниқ саволга аниқ жавоб. PISA тестлари эса мантиқий фикрлаш, ўйлашга ундар экан. Менга маъқул келди.

45-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси дастур бўйича бу борада ўқувчиларга тушунча берилаётгани, аммо ишлар қониқарли эмаслигини айтиб қўя қолишди.

Дастурда иштирок этиш учун шартнома имзоланганига бир йилга яқин вақт ўтган бўлса-да, Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими ва ўқувчиларининг билими, тартиб-интизоми билан кўпчиликнинг эътиборига тушган мактабларда аҳвол шундай бўлса, қолган туман халқ таълими бўлимлари ва мактабларда аҳвол қандай?

Хўш, шусиз ҳам мактаб ўқувчиларининг билим савияси бўйича республикада 13-ўринда турган Самарқанд бундай ёндашув билан 2021 йилда ўтказиладиган PISA тест синовларида қандай натижа қайд этади?

Яна бир гап, биз борган мактабларнинг аксарияти ёлғон маълумот беришга, дастурга тайёргарлик жараёнининг яхши олиб борилаётганига бизни ишонтиришга ҳаракат қилди. Айтинг-чи, бу билан нима ўзгаради? 2021 йилда ғалвир сувдан кўтарилганда бундан ким манфаат кўради?

Олим СОННИБОЕВ.